АПЛнинг янги мавсумида ким қандай натижага эришаётганидан ҳамманинг хабари бор. Ҳозирга қадар қайд этилган натижалар асосида зарба ва гол тизимидаги энг яхши ҳужумчилар номи маълум қилинди. Рўйхатни ўқиш сизни лол қолдириши мумкин. Бунга сабаблардан бири "МЮ" футболчиси Криштиану Роналдунинг қайд этаётган натижасидир. Португалиялик юлдузнинг вазиятларни якунлаш даражаси анча тушиб кетган. Ҳозирда у дарвоза томон берган зарбаларидан бор-йўғи 5 фоизини голга айлантирган. Ўтган мавсумда бу кўрсаткич 16 фоизни ташкил этарди.
Роналдунинг ҳозирги гол уриш даражасини бошқа АПЛ ҳужумчилариники билан таққослаганимизда, аянчли ҳолатга дуч келасиз. Бу борада Криштиану 53 ўринни банд этиб турибди. У янги мавсумда 22 та зарбадан фақат 1 та гол уришга эришди холос.
Футбол мухлисларига нисбатан анча нотаниш бўлган АПЛ ҳужумчилари бу борада Роналдудан анчагина яхши кўрсаткичларга эга. Улар ичида "Саутгемптон" форварди Адам Армстронг, "Эвертон" вингери Алекс Ивоби, "Астон Вилла" таланти Леон Бэйлилар мавжуд.
Рўйхатни тузишда дарвоза томон бешта ва ундан кўп зарба бера олган футболчилар номлари келтирилди.
Мана шундай бир пайтда, ҳамма ўйлаши мумкинки, ушбу пойгада етакчи сифатида Эрлинг Холанд қайд этилади. 22 ёшли норвегиялик ҳужумчи 36 фоизлик зарба ва гол кўрсаткичига эга бўлиб, 47 та зарбанинг 17 тасини голга айлантира олган. Шунга қарамай, у биринчи ўринда эмас. Зарба ва гол кўрсаткичи бўйича ҳисобланганида, АПЛнинг бир ҳужумчиси собиқ "BVB" вакилидан олдинда эътироф этилади. У "Борнмут" футболчиси Киффер Мурдир. Уэлслик ҳужумчи ҳозирга қадар дарвоза томон атиги 8 та зарба берган холос. Аммо уларнинг 3 тасини голга айлантиришга эришди. Бу эса Мурга 38 фоизлик натижани берди ва АПЛда етакчига айлантирди. Мана шундай қилиб, Мур Холандни кичик фарқ билан ортда қолдирмоқда.
Бу борада кучли ўнталикдаги вазият қуйидагича. "МЮ" вингери Жейдон Санчо 7 та зарба ва 2 та гол билан учинчи ўринни эгаллаб турибди. Унинг ортида "Манчестер Сити"нинг яна бир ҳужумчиси Хулиан Алварес ҳамда "Ньюкасл" форварди Александер Исак қайд этилган. Ўнталикнинг қолган поғоналарини Патсон Дака ("Лестер"), Иван Тоуни ("Брентфорд"), Каллум Уилсон ("Нюкасл"), Тайво Авоньи ("Ноттингем") ҳамда Роберто Фирмино ("Ливерпуль") эгаллаб турибди.
"Тоттенхэм" юлдузи Харри Кейн 49 зарбадан 10 гол урган ва рўйхатнинг 12 ўринидан жой олган.
ИСМАТОВ Ж.