Бразилия бу галги Жаҳон чемпионатига фаворитлар қаторида ташриф буюрмоқда. Жамоанинг таркиби исталган рақибни даҳшатга солиши турган гап. Бразилия устози Тите мундиалга борадиган 26 талик рўйхатни эълон қилганди. Ушбу рўйхатдан эса баъзи катта номлар тушиб қолган. Қуйида ўша футболчилардан яна бир бутун бошли терма жамоа тузиб чиқамиз.
Дарвозабон: Нето
"Барселона" сафида уч йил давомида захирада ўтиргач, Нето АПЛга йўл олди. У ҳозир "Борнмут" сафида ҳаракат қилмоқда. Нето Премьер-лигада бу мавсум 83,9 % сейв кўрсаткичига эга. Бу эса АПЛда энг яхшиси ҳисобланади.
Ўнг қанот ҳимоя: Эмерсон
Эмерсон Жуниор "Тоттенхэм"да муҳим фигура. Аммо Тите унинг ўрнига 39 ёшли Дани Алвешни олиб кетишни маъқул кўрди. Эмерсон эса Рождествога қадар дам олади.
Чап қанот ҳимоя: Лоди
Ренан Лоди 2021 йилда Бразилия терма жамоаси таркибида бўлган. Аммо унинг спорт формаси кўп нарсани ҳал қилди. Лоди "Ноттингем Форест" сафида ижара асосида ҳаракат қилмоқда. Бу сафар унинг ҳаракатлари Титени ҳайратга сола олмади.
Марказий ҳимоя: Диего Карлос
Карлос 2020 (аслида 2021) йилги Олимпия ўйинларида Бразилия билан олтин медални қўлга киритган эди. Аммо бу омил уни Жаҳон чемпионатига чақириш учун етарли бўлмади. 26 миллион фунтлик "Астон Вилла" ҳимоячиси мавсумнинг катта қисмини жароҳати сабаб ўтказиб юборди.
Марказий ҳимоячи: Габриэл
"Арсенал" ҳозирда Европадаги энг ҳимояси барқарор клубга айланди. Жамоа ҳозирга қадар 11 та гол ўтказган холос. Бунда Габриэлнинг хизматлари катта эди. Аммо Тите буни эътиборга олмади. Эндиликда, у мундиални ўз уйида туриб кузатади.
Таянч: Фернандо
Бразилия таянчда Каземиро ва Фабиньо каби кучли футболчиларга эга. Шу сабаб Титега Фернандунинг хизматлари керак бўлмайди. Боз устига, айни дамда "Севилья" сафида ҳаракат қилаётган футболчининг клубдаги ишлари ҳам унчалик яхши эмас.
Таянч: Оскар
Оскарнинг халқаро даражадаги рейтинги 2017 йил, у Хитойга йўл олганидан кейин пастлай бошлади. 2014 йилги Жаҳон чемпионатида катта юлдузлардан бири бўлган футболчи, шундан кейин кўринмай қолди. Унинг терма жамоадаги сўнгги ўйини 2015 йилда бўлиб ўтганди.
Ярим ҳимоячи: Матеуш Кунья
2021 йилда "Атлетико"га кўчиб ўтган Куньянинг ишлари анчадан бери яхши эмас. 23 ёшли футболчи, дастлаб, жароҳатлар гирдобида қолди. Ҳозирда Кунья асосан захирадан майдонга туширилмоқда. Бу эса унинг терма жамоага чақирилмаслигига сабаб бўлди.
Чап қанот ҳужум: Коутиньо
Коутиньонинг Бразилия терма жамоасидаги ўрни, футболчининг мундиал арафасидаги жароҳати сабаб бой берилди. Афсуски, шундай талантни биз Қатарда кузата олмаймиз.
Ўнг қанот ҳужум: Давид Нерес
Бразилиянинг ҳужум чизиғидаги кучига ақл бовар қилмайди. Нерес бу қудрат олдида ожиз эди. Тите ҳужумда Неймар, Винисиус, Антони, Рафинья, Мартинелли, Родриго, Жезус ва Ришарлисондан фойдаланиши мумкин. Бу ерда Нересга жой йўқ эди.
Ҳужумда: Фирмино
Кўп эҳтимол, Бразилия терма жамоаси таркибидан тушиб қолган энг катта юлдуз Фирмино эди. Ҳа, унинг клуби бўлган "Ливерпуль" ҳозирда яхши аҳволда эмас. Аммо унинг мавсум давомида урган 9 та голи, қолаверса, 4 та ассисти ҳеч нарсани исботлай олмади. У терма жамоага жалб қилинмади...
ИСМАТОВ Ж.