Криштиану Роналдунинг "МЮ"дан кетиши АПЛда маош борасида янги етакчи пайдо бўлганини англатади. Ҳозирга қадар бу борадаги етакчиликни Роналду, ҳафтасига ярим миллион фунт билан эгаллаб келаётган эди. Хўш, ҳозирда вазият қандай? Қуйида АПЛнинг энг кўп маошга эгалик қилувчи 10 та футболчиси келтириб ўтилади.
10. Калиду Кулибали
Ёзги трансферлар ойнасининг энг шов-шувли кўчишларидан бири Кулибали эди. У "Наполи"дан "Челси"га ўтар экан, каттагина маош олишга келишиб олади. Унинг ҳозирда олаётган иш ҳақи ҳафтасига 295 минг фунтни ташкил этади. 31 ёшли ҳимоячи айни дамда Жаҳон чемпионатида Сенегал шарафини ҳимоя қилмоқда.
9. Каземиро
Каземиро "МЮ" сафига катта маош эвазига таклиф этилди. Қолаверса, унинг транфсер қиймати ҳам жуда баланд эди – 73 миллион фунт. Манкунианликлар беш карра ЕЧЛ ғолибига ЕЛ футболини таклиф эта оларди холос. Аммо маош масаласида анча сахийлик қилди. Каземиро ҳозирда ҳар ҳафта 300 минг фунт олади.
8. Жек Грилиш
Ўтган ёзнинг энг қиммат харидига айланган футболчи, "шаҳарликлар" сафида анча қийин даврларни бошдан кечирди. Грилиш 100 миллион фунтга сотиб олинган. Унинг маоши эса ҳафтасига 300 минг фунтдир. Шунга қарамасдан, у ўзига билдирилган ишончни оқлай олгани йўқ.
7. Рахим Стерлинг
"Челси" Стерлингни сотиб олиш учун яхшигина таклиф билан чиқишга мажбур эди ва шундай ҳам қилди. Айни дамда Англия терма жамоаси аъзоси Лондонда ҳафтасига 325 минг фунт олади. Аммо "Челси"нинг ундан кутган натижалари кўнгилдагидек эмас.
6. Рафаэль Варан
Варанга унча-мунча футболчи ета олмайди. Чунки у 4 марта ЕЧЛ ғолиби бўлиш билан бирга, Жаҳон чемпионлигини ҳам қўлга киритган. Унинг "МЮ"даги ишларини яхши деб бўлмайди. Аммо маош масаласида шундай дея оламиз. Варан ҳафталик 340 минг фунтга эгалик қилади.
5. Муҳаммад Салоҳ
Салоҳ мавсумлар оралиғида янги, 2025 йилга қадар мӯлжалланган битимга имзо чекди. Бу эса ўз навбатида, мисрлик футболчини "Ливерпуль" тарихидаги энг кўп маош олувчи футболчига айлантирди. Унинг иш ҳақи ҳафтасига 350 минг фунтдир.
4. Жейдон Санчо
"МЮ" ўтган мавсум, ҳатто, бу мавсумда ҳам Санчодан катта натижаларни кутганди. Аммо умидлар оқланмади. Жейдон Гарначо соясида қолиб кетди. Гарчанд ҳафтасига 350 минг фунт олсада, Жейдон Санчо Англия терма жамоаси таркибига кира олмади.
3. Давид Де Хеа
Де Хеа АПЛ тарихидаги энг кўп маош олувчи дарвозабон саналади. Унинг ҳақи 375 минг фунтга тенг. Иккинчи ўринда эса 150 минг фунт билан "Челси" посбони Кепа Аррисабалага туради. Орадаги фарқни кўриб турибсиз. Де Хеа шунга яраша ҳаракат қилмоқда, албатта.
2. Эрлинг Холанд
Холанд АПЛга кўплаб рекордларни янгилаш билан кириб келди. Гвардиола жамоаси Холанд билан ЕЧЛ ғолибига айланади деган тахминлар ҳам кўп янграмоқда. Балки шундай бўлар ҳам. Норвегиялик ҳужумчининг битимида, унга ҳар ҳафта 375 минг фунт берилиши айтилган. 22 ёшли футболчи нонини "ҳалоллаб" олмоқда, дейиш мумкин.
1. Кевин Де Брюйне
Ортиқча фикр билдирмаймиз. Де Брюйне 400 минг фунтлик маошга арзишини ҳамма билади. У ҳақида Гвардиола шундай дейди: "Кевин жамоа учун энг яхши харид бўлган. Етти йил давомида у жуда катта ҳажмдаги ишни бажариб келмоқда. Германиядаги ўйинларини кўриб, мен лол қолган эдим. Уни ўз жамоамда кўришни истагандим. Ҳозир бу рўёбга айланди. Бундан бахтлиман".
ИСМАТОВ Ж.