Колумбиянинг Богота шаҳрида жаҳон чемпионатининг сўнгги кунида оғир атлетикачилар энг оғир вазн тоифаси +109 килограммда совринли ўринлар учун мусобақаларда қатнашди.
Дастлаб чемпионатнинг «C» ва «B» гуруҳларида иштирок этаётган спортчилар, ундан кейин “А" гуруҳидан жой олган жаҳон оғир атлетикасининг етакчи вакилларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Мусобақанинг «А» гуруҳидан жой олган Токио олимпиадаси ғолиби, жаҳон чемпиони ва рекордчиси Акбар Жўраев баҳслар олдидан ўтган тақдимот маросимида иштирок этди. Сўнг чемпионатнинг расмий баҳсларига қатнашиш учун белгиланган машғулот майдонида машқларни бажаришга киришди.
Таассуфки, жаҳон чемпионати супасига чиқишга тайёргарлик кўриш майдончасида Акбар Жўраев кичик техник жароҳатга чалинди. Оқибатда жаҳон чемпионати ташкилий қўмитасининг шифокорлар комиссияси ва терма жамоа шифокори хулосасига биноан ҳамюртимизга расмий баҳсларда қатнашишга рухсат берилмади.
Акбар Жўраевнинг ўтган йилги Токио олимпиадаси ва Тошкентда ўтган жаҳон чемпионатларида олган жароҳатлари техник жароҳатни келтириб чиқарган, бахтсиз тасодиф туфайли жаҳон чемпионати медаллари учун курашга кириша олмаган бўлсада тақдимот маросимида қатнашиши ўз навбатида Париж-2024 учун маълум талабни бажаришини таъминлади.
Боиси, Халқаро оғир атлетика федерацияси томонидан тасдиқлаган талабга кўра, Париж-2024га номзод спортчи олимпия циклидаги бешта мусобақада қатнашиши талаб этилади.
Шу тариқа, терма жамоамиз аъзолари мазкур жаҳон чемпионатини 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медаллари ва Париж-2024 Олимпиадасининг зарур рейтинг очколарини қўлга киритган ҳолда якунлади.
109+ кг. вазн тоифасидаги баҳсларда эса қуйидаги спортчиларга медаллар насиб этди:
1. Лаша Талахадзе (Грузия) — 466 (215+251)
2. Гор Миносян (Баҳрайн) — 462 (215+250)
3. Вараздат Лалаян (Арманистон) — 461 (215+246)
Ўзбекистон оғир атлетика
федерацияси матбуот хизмати.