Миланнинг «Интер» клуби ҳимоячи Маттео Дармиан билан янги шартнома борасидаги музокараларда муваффақиятга эришди. Sky Sport Italia хабарига кўра, энди у билан икки йиллик шартнома имзоланиши реалроқ кўринмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Дармиан «нерадзуррилар» сафида 2020 йилдан буён ўйнаб келмоқда. Футболчи жамоага Антонио Конте бошчилик қилган пайтда келиб қўшилган. Биринчи мавсумида Маттео «Интер» билан А Серияни, бир йилдан сўнг эса Италия кубогини ютган.
Жорий мавсумда италиялик футболчи чемпионатнинг ўнта ўйинида иккита голга ассистентлик қилди. Аввалроқ футболчи А Серияда «Палермо», «Торино» ва «Парма» каби клублар таркибида ҳам тўп тепган.