"ПСЖ" ҳужумчи Лионель Мессига шартнома таклиф қилган ягона клубга айланди, деб хабар беради Mundo Deportivo.
Манбага кўра, парижликлар 35 ёшли ҳужумчига шартнома таклиф қилган ягона клуб бўлган. Мессининг "ПСЖ" билан амалдаги шартномаси 2023 йилнинг ёзида якунига етади. Аргентиналик футболчи "ПСЖ" билан шартномасини узайтириш борасида келишувга эришган. Ҳужжатлар ҳали имзоланмаган, бироқ ҳамкорликни давом эттириш бўйича принципиал келишувга 2022 йилги жаҳон чемпионати бошланишидан олдин эришилган. Месси таътилдан қайтгач, яқин ҳафталарда янги шартнома имзолаши кутилмоқда.
Қайд этилишича, “Барселона” Леонинг қайтиш имкониятини муҳокама қилган, бироқ бу масала каталонияликларга тўғри келмади. Шунингдек, "ПСЖ"нинг жиддий нияти туфайли бошқа клубларнинг ҳужумчига қизиқиши пасайгани хабар қилинган. Ҳужумчининг ўзи Франция жамоаси ва Парижда яхши эканини ҳис қилмоқда.
35 ёшли ҳужумчи жорий мавсумда "ПСЖ" сафида барча турнирлар доирасида 19 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол урди ва 14 та голли узатмани амалга оширди.
Месси Аргентина терма жамоаси билан 2022 йилги жаҳон чемпионатида финалда Францияни 3:3, пенальтилар сериясида 4:2 ҳисобида мағлуб этди. У Қатардаги турнирнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди.