Франция терма жамоаси ва "ПСЖ" ҳужумчиси Килиан Мбаппе 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати якунланганидан сўнг дунёнинг энг қиммат футболчисига айланди, деб хабар бермоқда Transfermarkt.
Transfermarkt Қатардаги жаҳон чемпионати якунлари бўйича футболчиларнинг трансфер нархларини янгилади. Мбаппе энг қиммат футболчига айланди. Унинг нархи 20 миллион еврога (160 миллион евродан 180 миллион еврога) ошди. Нархлари бўйича у "Манчестер Сити" ва Норвегия терма жамоаси ҳужумчиси Эрлинг Холандни ортда қолдирди.
Шунингдек, Аргентина ва “Бенфика” ярим ҳимоячиси Энцо Фернандеснинг нархи 20 миллион еврога (35 миллион евродан 55 миллион еврога) ошди. "Манчестер Сити" ҳужумчиси Хулиан Альварес ўзининг трансфер нархига 18 миллион евро қўшди ва энди унинг нархи 50 миллион еврога баҳоланмоқда.
Йошко Гвардиол (75 миллион евро, Хорватия, РБ Лейпциг), Коди Гакпо (60 миллион евро, Нидерландия, ПСВ) ва Софьян Амрабат (25 миллион евро, Марокаш, Фиорентина) ҳар бири 15 миллион еврога ўз нархини оширди. Гвардиол бу билан дунёнинг энг қиммат ҳимоячисига айланди.
Англиялик Жуд Беллингем (110 млн евро, "Боруссия Дортмунд") ва Букайо Сака (100 млн евро, "Арсенал") 10 млн еврога қимматлаган.