Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили

Агуэронинг ғалати ҳийласи. Қайдномада йўқ футболчи чемпионлик медали билан!

Баҳо:
+ | -

Жаҳон чемпионати тарихидаги энг драматик финал учрашувларидан бирига барчамиз гувоҳ бўлдик. Унда Аргентина терма жамоаси амалдаги чемпион Францияни пенальтилар сериясига кўра мағлуб этди ва ўз либосига учинчи юлдузни қўшиб қўйди. Янги чемпионлар орасида миллий терма жамоанинг собиқ ҳужумчиси Серхио Агуэро бўйнидаги медаль билан кўзга ташланди. Бу мухлисларда бир қатор саволларни туғдирди.

Кун бир йил олдин фаолиятини якунлаган ва Аргентина терма жамоаси учун Қатарда ҳеч қандай рольга эга эмас эди. Афсонавий ҳужумчи жаҳон чемпионатига ўзини шарҳловчи сифатида синаб кўриш учун келган. Серхио чемпионликни нишонлаш пайтида энг кўзга кўринган фигурага айланди (албатта, Мессини ҳисобга олмаганда). У финалга сўнгги ҳуштак чалинганидан сўнг дўсти Леонинг елкасидан қоқиб қўйди, ечиниш хонасига бўйнида медаль осилганча йўл олди ва негадир жонли эфир пайти француз ярим ҳимоячиси Эдуардо Камавингани ҳақорат қилди.. Умуман олганда, жамоатчиликда саволлар пайдо бўлди - Куннинг Аргентинага қандай алоқаси бор?

Агуэро клубда ҳам, халқаро миқёсда ҳам ажойиб мавсумларни ўтказган. Унинг энг яхши йиллари «Манчестер Сити»да бўлиб, у ерда 390 та ўйинда 260 та гол уриб, клуб тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди. Терма жамоада ҳам Кун ёмон ўйнамаган, унинг ҳисобида 101 ўйиндаги 41 та гол ва 19 та голли узатма мавжуд. У Лионель Месси ва Анхель Ди Мария билан биргаликда 2008 йилги Пекин Олимпиадасида ғолиб чиққан.

Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Лионель Скалони ЖЧ-2022 учун ажойиб ёрдамчилар жамоаси билан Қатарга йўл олди. Унинг ёрдамчилари собиқ футболчилар Валтер Самуэль, Роберто Айяла ва Пабло Аймар эди. Шунингдек, штаб-квартирада терма жамоада ўйнамаган, аммо унга алоқадор ишларни аъло даражада бажарган мутахассислар бор эди. Бироқ Агуэро бу машҳур жамоа қаторида эмасди.

«Менда Скалонининг штаб-квартирасига таклифнома бор эди, мен Чики (Клаудио Тапия, Аргентина футбол ассоциацияси президенти) билан гаплашдим. Унга Қатардаги вақтимдан завқланишни хоҳлаётганимни айтдим, лекин мухлис сифатида», деди Агуэро турнир олдидан ESPNга.

Собиқ ҳужумчи юраги билан боғлиқ муаммолар туфайли 2021 йилнинг кузида профессионал фаолиятини якунлаганди. Ўшандан бери Агуэро кўпинча футболчилар ва бошқа машҳурлар даврасида дам олди. Албатта, у оддийгина Қатар сафарини эътиборсиз қолдира олмади. Қолаверса, Серхио ҳаттоки жамоа билан машғулот ўтказди! Собиқ ҳужумчининг асосий хизмати эса дўсти Лионель Мессига далда берганида бўлди. Жумладан, Агуэро ва Месси анъанани давом эттирдилар ва яна йирик турнирда битта меҳмонхона хонасига жойлашишди.

Финал олдидан Серхио мураббийлар штабига киритилгани ҳақида маълумот бор эди. Бироқ шунга қарамай Мессининг энг яқин дўстига медаль олиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ эди, шунинг учун у футболчилардан бирининг мукофоти билан суратга тушди, яъни бировнинг медалини бўйнига илди. Агуэронинг оддий қилиғи яқин кунлар давомида ОАВнинг бош мавзуларидан бириги айланди. Аммо орадан йиллар ўтиб, мавзуга чуқур кирмаган одамларда Агуэро чемпионлар жамоасининг бир қисми бўлгандек таассурот уйғониши мумкин. Қойил! Серхио ПРнинг оёғини осмондан қилиб юборувчи кучга эга экан. Нима бўлган тақдирда ҳам Кун «альбиселесте»нинг туморига айланиши шубҳасиз. Месси билан кўп йиллик яқин дўстлик барчасидан устун. Серхио дўстига охиригача ишонди - у Лионель турнирнинг энг яхши футболчиси бўлишига 1001 доллар тикди ва ўз гаровида 8 мартадан кўпроқ ютди.

Киритилди: 21:54, 26.12.2022.
Ўқилди: 7519 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.