Эрон эркин кураш мактаби жаҳонда энг кучлиларидан бири ҳисобланади. Ана шу мактаб вакили 74 кг.ли Содиқ Гударзий чорак финалда ўзбекистонлик Сослан Тигиевга қарши гиламга чиқди.
Биринчи бўлимда эронлик курашчи ҳамюртимизнинг оёғига ҳужум уюштирди ва Тигиевнинг орқасига айланиб ўтгани учун дастлаб 1 очкони, кейин эса ўз устидан айлантириб ташлагани 2 очкони қўлга киритди ва биринчи бўлимни 3:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди.
Иккинчи бўлимни Сослан фаол бошлади ва рақибининг оёғидан ушлаб, унинг орқасига айланиб ўтгани учун 1 очкони қўлга киритди. Аммо бўлим тугашига 10 сония қолганида рақибига шундай услуб қўллашига имкон бериб қўйди. Сўнгги бўлиб очкони қўлга киритган спортчига ғалаба тортиқ қилингани сабабли, Гударзий икки бўлим якунига кўра ғалаба қозонди.
Содиқ Гударзий кучли курашчи экани кўриниб турди. Агар у ярим финалда рақибини ютиб, финалга чиқса, Тигиев бронза учун курашиш имконини қўлга киритади.