"Барселона" бош мураббийи Хави Каталония клубининг қишки трансфер бозоридаги режалари ҳақида гапирди.
“Мен Депай ёки бошқа “Барселона” футболчиси январда бизни тарк этишини хоҳламайман. Ўйлайманки, бу қишки трансфер ойнаси биз учун жуда сокин бўлади, биз катта ўзгаришларни режалаштирмаган эдик. "Ньюкасл"нинг Депай бўйича таклифи? Бизга бу клубдан ҳеч қачон Мемфис учун ҳеч қандай сўров бўлмаган", - дея Хавининг сўзларини келтиради италиялик журналист Фабрицио Романо ижтимоий тармоқларда.
Олдинроқ нидерландиялик ҳужумчига "Рома" ва "Ньюкасл" клублари қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Жорий мавсумда 28 ёшли ҳужумчи "кўк-анорранглилар" сафида учта ўйин ўтказиб, битта гол урди. Унинг "Барселона" билан шартномаси 2023 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.