«Манчестер Сити» ҳимоячиси Жон Стоунс Англия чемпионатининг 19-тури доирасидаги «Челси» устидан қозонилган ғалаба (1:0) ҳақида фикр билдирди.
«Эвертон билан дурангдан кейин булар биз учун муҳим уч очкога айланди. Ўшанда икки очко йўқотганимизни ҳис қилдик ва бугун буни тўғирламоқчи бўлдик.
Иккинчи бўлимдаги ўйинимиз ажойиб бўлди. «Челси»га ҳам тан беришимиз керак, улар жуда тартибли ўйнашди. Мавсумнинг биринчи қисмида турнир жадвали ҳақида ўйламаймиз. Сиз ўйиндан ўйинга кучайишингиз керак.
Ўтган мавсумларда ажойиб ғалабали серияларга эга бўлгандик ва агар бугунгидек ўйнашда давом этсак, ишончим комилки, мавсум охирида чемпионлик учун кураш олиб бориш имкониятига эга бўламиз», — деди Стоунс.
Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Сити» 39 очко билан АПЛда 2-ўринда бормоқда. «Челси» 25 очко билан 10-ўринда бормоқда.