Футбол бўйича Аргентина терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиш учун 2,5 миллион, 2006 йилги Жаҳон чемпионати иштирокчиси, Африка қитъаси вакили – Того терма жамоаси билан ўйнаш учун 40 минг доллар “гонорар” пули тўлаш керак. Бу ва бошқа терма жамоаларнинг “нархлари”ни Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот котиби Санжар Ризаев ўз твиттерида эълон қилди.
Унга кўра, Жанубий Америка вакилларини ўртоқлик учрашувига таклиф қилиш анча қимматга тушади. Жумладан, Колумбия ҳамда 2010 йилги жаҳон чемпионати плей-офф босқичи иштирокчиси Чилига 300 минг доллар тўлаш керак бўлса, Парагвай 250 минг, Перу 200 минг, Коста-Рика эса 150 минг долларга ўзини баҳолаган.
Африка қитъаси вакиллари эса нисбатан арзонроқ нархга ҳам кўнишади. Хусусан, қитъанинг энг етакчи терма жамоалари – Камерун, Гана ва Нигерия билан 150-200 минг доллар атрофидаги “гонорар” эвазига ўртоқлик учрашуви ўтказиш мумкин. Габон терма жамоасининг нархи 120 минг бўлса, 2006 йилги жаҳон чемпионати иштирокчиси Ангола терма жамоаси 100 минг доллар миқдорида мукофот пули сўрайди.
Санжар Ризаев фақат иккита қитъа вакилларининг “нархлари”ни эълон қилган, Европа вакилларидан бирорта мисол келтирилмаган. ЎФФ матбуот котибининг ёзишича, Ўзбекистон ҳали ўзига нарх қўймаган, бироқ Жанубий Корея терма жамоаси ўзбекистонликлар билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш учун 30 минг доллар “гонорар” тўлаганини маълумот ўрнида келтирган.
Сўнгги бир неча йилдан бери Ўзбекистон терма жамоаси жаҳоннинг кучли терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлади, бироқ шу вақтгача бу сўзлар амалда исботланмаган.
ЎФФ терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов июн ойида “Интерфутбол” газетасига берган интервюсида Перу, Чили, Аргентина ва Гондурас терма жамоалари билан, “август ёки сентабр ойида Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказиш” бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилганди. Бироқ кейинроқ эълон қилинган терма жамоа тақвимида ўртоқлик учрашувидаги рақиблар сифатида Иордания, Кувайт ва Ироқ кўрсатилди.