ЎзПФЛ 2023 йилдан бошлаб аёллар футболи мусобақалари ЎФА томонидан ўтказилишини маълум қилди.
"Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси аёллар футболи даражасини янги босқичга олиб чиқиш йўлида меҳнат қилди. Ўзбекистон Олий лигаси, Биринчи лигаси, мамлакат кубоги, Суперкубоги каби беллашувлар сўнгги 5 йил давомида Лига томонидан ўтказиб келинди. Шунингдек, 2021 йилда асос солинган Ўзбекистон U16 чемпионатининг илк мавсуми ҳам Лига томонидан ташкил этилди.
Биз ўтган давр ичида “Севинч”, “Бунёдкор-W”, “Сўғдиёна-W” каби жамоаларнинг қизиқарли рақобатига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, АГМК аёллар жамоаси сўнгги уч йилда катта ўсишга эришди. Марказий ўйинлар Лига томонидан жонли эфирга олиб чиқилди.
Ўзбекистон аёллар жамоаларини лицензиялаш жараёнига жалб эта олган Осиёнинг тўрт мамлакати қаторидан жой олди. Икки нафар клуб бевосита ОФК лицензиясини қўлга киритди. Бунинг натижасида ФИФА Ўзбекистон аёллар футболи учун молиявий грант ажратишга қарор қилди.
Бугунга келиб аёллар футболида меҳнат қилаётган мутахассислар, тўп сураётган футболчиларга мавсум учун топшириладиган совринлар эркаклар футболидаги каби кўринишга келтирилган. 2022 йил якунларига кўра илк бор энг яхши аёл реферини аниқлаш ҳам йўлга қўйилди.
ФИФА талабидан келиб чиқиб, аёллар футболи мусобақалари бевосита ассоциация томонидан ўтказилади. 2023 йилга келиб Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам юқорида қайд этилган барча мусобақаларни бошқариб боради.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси аёллар футболида меҳнат қилаётган барча-барчага ўзаро ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдиради. Ишонамизки, ассоциация раҳбарлигида аёллар чемпионати янги босқичга чиқади ва катта муваффақиятларни қўлга киритади. Биз ассоциация билан биргаликда аёл футболчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари барча томонидан ҳурмат қилиниши шартлиги принципида ишлашда давом этамиз", - дейилади ЎзПФЛ баёнотида.