Вақтида барча-барча ўйинларини мириқиб томоша қилган «Милан» ҳамон тикланиш жараёнида.
Қудратли жамоани асл ҳолатига қайтариш миссиясини ўз зиммасига олган камтар мутахассис - Стефано Пиоли ҳамон изланишда, ҳамон ҳаракатда. «Россонерлар» тиффозиларига катта умид бағишлаётган мураббий яқинда Sportmediaset журналистига атрофлича интервью берди. Суҳбат Пиолининг фаолияти ва шахсий ҳаётини қамраб олди.
- Стефано, 2022 йил «Милан» учун қандай ўтди, сизнингча?
- Асосийси, нуфузли ғалаба маррасига муддатидан олдин етдик. Аслида футболда ёшларга таянсангиз, натижа келишини сабр билан кутишингизга тўғри келади. Биз эса деярли бир уринишда ғалаба қозониш уддасидан чиқдик. Шундай экан, 2022 йилни «Милан» учун муҳим ва қониқарли давр сифатида ёзиб қўйиш мумкин.
- Пиолининг ўзи ҳам ўзгардими?
- Бу аниқ. Собиқ шогирдларим ҳозир қандай ишлаётганимни кўришларини истардим. Профессионал ва инсон сифатида ўсиш - мураббийликнинг бир қисми. Менимча, бунда менга натижасиз тажрибалар ҳам катта ёрдам берди. Хуллас, кўп жиҳатлар бўйича ўсдим. Аввало, мураббийлик учун муҳим саналган тактик ечимлар топиш, футболчилар билан муносабат ўрнатиш масаласида. Яна ташқи дунё билан яхшироқ алоқа ўрнатишни ҳам ўргандим.
- Аввалги мавсум Жирунинг «Интер» дарвозасига урган голидан сўнг чемпионлик пойгаси қайта бошланган эди...
- Ҳа, ўша вақт ўзимни Маццонега ўхшатдим, ҳар ҳолда, озми-кўп суръат қўшиш эвазига чемпионлик курашига киришдик. Зеро, бир йил олдин 2-ўрин билан чекланган эдик ва натижани яхшилашни хоҳладик. 6 очко эмас, потенциал 10 очко учун бўлган дербидан кейин курашга қайтиш... О, бундай тарзда ғалаба қозониш нақадар ёқимли.
- Сизни энди Анчелоттига қиёслашмоқда.
- Карло ҳозир ҳам ҳар томонлама чўққида. У ўзи ишлаган барча миллий чемпионатларда ғалаба қозонди, кўплаб футболчиларни тарбиялади, такомиллаштирди. Унда аниқ услуб, юқори савия, соғлом фикр ва ақл бор. Анчелотти шахсан мен учун энг юқори даражали мураббий бўлиб қолмоқда. Унинг йўли - бошланғич марра.
- Конте чақирувига муносиб жавоб бериш учун қанча «бензин» керак?
- Албатта, бизни ЧЛда ўта муҳим ва рағбатлантирувчи ўйин кутмоқда. Ахир «Милан» узоқ вақтдан буён илк марта 1/8 финалга чиқди. Қаранг, жамоам чекига буюк мураббий бошқарувидаги ажойиб рақиб билан ўйнаш тушди.
- «Лацио»да ўрнингизни Симоне Инзаги эгаллаганди...
- Имконият туғилганида, унинг машғулотларини бироз кузатдим. Муносабатларимиз ҳамон зўр. Мана, охирги йилларда кўп марта рақиблар сифатида тўқнаш келдик. Муҳими, ҳар гал бир-биримизга катта ҳурмат билан қўл узатдик.
- Жамоангизни скудетто учун курашга айнан нима кўпроқ илҳомлантиради?
- Ташқи гапларга ҳеч қачон эътибор қаратмаймиз. Ҳамиша аввало, футболчилар мотивациясига таянаман. Бизга ишонмаганларга раҳмат, чунки улар шу таҳлит буюк мақсад йўлида олдинга интилишимиз учун қўшимча куч бағишлашди.
- Ҳаттоки, Стивен Чжан ҳам сизни мақтади...
- Ҳа, бу ёқимли. Ғалабамиздан сўнг унинг ўзи SMS-хабар жўнатди: «Табриклайман жаноб, бунга мутлақо лойиқсиз».
- «Оловда Пиоли» қўшиғи учун «Олтин диск» совринини беришса арзийди...
- Буни таърифлаш қийин, айниқса, тиффозилар қўшиқни «Сан Сиро»да куйлашса. Ҳис-туйғуларим жуда кучли, аммо ҳамиша хотиржам туриш, қўлдан келганича назоратни ушлашга ҳаракат қиламан. Мухлислар хониши футболчиларни ҳам тўлқинлантириб юборади - муҳими шу. Демоқчиманки, қўшиқ барчамизни боғлаб турибди. Буни қадрлайман, албатта. Чунки ҳеч нарса бўлмагандек кўринишдан фойда йўқ.
- «Болонья» - «Интер» ўйини вақти қаерда эдингиз?
- Мальдини ва Массара билан кечки тамаддига боргандик, чунки одатларимиз ва учрашувларимиз бор. Қисқаси, ўша ўйинни кўрмадик, қўл телефонимизни ўчириб, натижага ҳам қизиқмадик. Тан олиш керак, «Интер»нинг очко йўқотгани «Милан» фойдасига ишлади, лекин чемпионлик йўлида 86 очко тўплаганимиз ва бунга ўз кучимиз билан эришганимиз ҳам - айни ҳақиқат.
- Отангизни қанчалик соғиндингиз?
- Таърифлаб беролмайман. Чемпионлик маррасидан кейин аввало, отам ҳақида ўйладим. Чунки айнан у туфайли ўзимни ҳамиша хавфсиз ва ҳимоялангандек ҳис қилардим.
- Скудетто қўлга киритилгач, онангиз нима деди?
- Қувончини кўрсангиз эди... Онам ҳис-туйғуларини тўлиқ ифода этишни хуш кўрмайди, аксинча, танқид қилишга уста. Лекин ўша лаҳзада мен билан чинакамига ғурурланганини яққол сездим. Оилам, яқинларим ва бир гуруҳ дўстларим борки, улар мени ҳеч қачон ёлғизлатиб қўйишмайди, ижобий ҳолатларда ҳам, салбий воқеликларда ҳам.
- Пиоли оиласи нима билан шуғулланади?
- Отам вақтида кўп ишлаган. Биз 3 нафар ака-укамиз. Онам ҳам ишларди, гарчи отам ҳамиша бунга қарши чиқиб, бизнинг тарбиямиз билан шуғулланиши кераклигини айтсада. Агар футбол йўлига кирмаганимда, почтальон бўлармидим...? Менимча, бу мени қониқтирадиган иш.
— Ўғлингиз Жанмарко ҳозир ўз штабингизда ишлаяпти...
- Уни билганлар профессионал фазилатларини қадрлашади - бу асосийси. Ўйлайманки, ўғлим эртага катта жангларга киришиш учун кучли иродага эга.
- Скудеттони ҳимоя қилишга ишонасизми?
- Яна скудетто ютишимизга шубҳаланмаслигимиз керак. Тўғри, «Наполи» ҳозирги шаштини пасайтирмаса, 100 очко тўплаши ва бошқаларга «нон» қолдирмаслиги тайин.
- Умуман, 2023 йили ҳам тож киймоқчимисиз?
- Умид бор, албатта. Ҳар ҳолда, клубда амбиция катта. Олдиндан қўл кўтариш йўқ, ҳаммадан кўп очко олиш ва гўзал тожни яна бошимизга қайтариш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.
МУҲАММАДХОН тайёрлади