Давиде Анчелотти (ҳозир 33 ёшда) беш хил тилда бемалол гапира олади, мураббийликни сидқидилдан ўрганган ва бугунги кунда Анчелоттининг иккинчи ярмига айланган.
AS билан суҳбатни Давиде шундай бошлади:
- Отамнинг «Реджана»да мураббий сифатида ишлаган биринчи йилини эслайман. Мен олти ёшда эдим. У билан тез-тез спорт шаҳарчасига борардим, у ерда ҳақиқатан ҳам майдон ва бир нечта кийим алмаштириш хоналари бор эди, холос. Ҳар доим машғулотларга у билан бирга боришни ёқтирардим. Шунингдек, «Парма» ҳақида ажойиб хотираларим ҳам бор. Жамоада Буффон, Креспо, Тюрам, Каннаваро ва бошқа фантастик ўйинчилар бор эди. Ва айтайлик, ёши туфайли ёки футболчилар ҳозиргидек юлдуз бўлмагани учун уйимизга - кечки овқатга тез-тез келиб туришарди.
- Футболга муҳаббат қаердан келган?
- Менинг биринчи футбол муҳаббатим - Какадир. У «Милан»га илк келган пайт - 2004 йилда мен 15 ёшда эдим.
- Футболчилик фаолиятингизни анча эрта якунладингиз...
- Футболни тарк этиш ўзимнинг қарорим эди. Бу осон эмасди. Аммо бугун жуда тўғри қарор бўлганлигини кўрмоқдаман. Мураббий бўлишга қарор қилдим ва бу фойдамга ишлади. 33 ёшда ўн бир йиллик иш стажим бор. Футболни тарк этиш менга ўқиш, саёҳат қилиш, тил ўрганиш имконини берди... Бу бахтли танлов эди.
- Ҳозир отангиз қўл остида ишлаяпсиз. Мустақил мураббийлик фаолиятингизни қандай кўрмоқдасиз?
- Отам билан ишлаш ҳақиқатини ҳисобга олсак, бу қайсидир жиҳатларда катта умидларни уйғотади ва бу менга катта мотивация, муваффақиятга эришиш учун эса катта иштиёқ уйғотади. Мен ҳам пастдан келганлар каби очликни ҳис қиляпман деб айта олмайман, чунки ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган оилада туғилиш бахтига муяссар бўлдим. Сиз айтишингиз мумкин: «Бу одам ҳамма нарса билан таъминланган, у оч эмас», деб. Тўғри, мен муваффақиятга чанқоғимни бошқа нарсаларда, ўзимни исботлаш заруратида, умидларни оқлашда, мураббийнинг ўғли эканлигимдан келиб чиққан шубҳада топаман... Буларнинг барчаси менинг мотивациямга айланади.
- «ПСЖ»даги даврингизда нималарни ўргандингиз?
- Майдонда тажриба орттириш, футболчилар билан муносабатларни ўрнатиш мен учун жуда фойдали бўлди. У ерда кўплаб истеъдодлилар бор эди, масалан, Рабьо, Меньян, Коман, Сабали, Мусса Дембеле...
- Кейин «Реал»да Жованни Маурининг фитнесс-мураббийлари жамоаси таркибида ишладингиз...
- Аммо ўша ерда мен мураббий сифатида шакллана бошладим...
- «Бавария»даги ўзгариш бурилиш нуқтаси бўлдими?
- Бу жараённи тезлаштирди, Клемент январь ойида Премьер-лигага йўл олди, мен эса биринчи ёрдамчи ролига ўтиб қолдим. Ва бу менга ёрдам беради. Эҳтимол, тайёр бўлмаган бир пайтимда катта масъулият юклангандир, аммо бу стрессли вазият эди, мен ундан жуда кучли бўлиб чиқдим.
- Ота ва ўғил тандеми қандай ишлайди?
— Отам ўз ҳис-туйғуларини яхши назорат қилишни биладиган вазмин одам. Бу унга ўз жамоаси учун ажойиб раҳбар бўлишга имкон беради. У ҳеч қачон ўзини йўқотмайди, масъулиятни қандай топширишни билади. Бу эса осон эмас.
- Дон Карло ҳақиқатан ҳам ўзига маслаҳат беришга рухсат берадими?
- У ҳамма нарсани тинглайди, лекин ҳар доим ўзи қарор қабул қилади. Бироқ, бутун жамоасига гапиришга ҳам имкон беради. Тўбиийки, бу кўплаб ички мунозаралар ва ғоялар қарама-қаршилик муҳитини келтириб чиқаради, бу эса унинг бошида ва тафаккурида ёш қолишга имкон беради. Унга ҳар доим ҳамма нарсада у билан рози бўладиган одамлардан иборат мураббийлар штаби керак эмас. Ва бу менга ўғли сифатида ёрдам беради, чунки мураббий олдида қўрқув тўсиғи йўқ. Ўртамизда доимий рақобат бор ва бу менга ёқади. Баъзида баҳслашамиз, лекин менимча, бу барчамиз учун яхши.
- «Реал Мадрид»дек кескин муҳитда ота-бола муносабатлари осон бўлмаса керак?
- У худди оталардек менга ҳеч қачон овозини кўтармаган. Мени сўкканини ҳеч эслолмайман. Характерларимиз ҳам ўхшаш: можаролардан қочишга ҳаракат қиламиз, ўта хотиржаммиз. Танглик фақат футбол баҳси натижасида юзага келади, кейин эса у қабул қиладиган қарор билан тугайди, чунки масъулият унинг ўзида.
- Ўзингизни мураббий сифатида қандай таърифлайсиз?
- Футболчилар билан мулоқотда ўзлигимда қолишга ҳаракат қиламан. Ўзимни анча очиқ, хотиржам, раҳбарликни кўрсатишни истамайдиган одам, деб биламан... Бу осон эмас. Биринчи навбатда, футболчиларнинг кийиниш хонасига ҳа деб киравермайман, бу менга ёқмайди. У ер ўйинчилар бир-бири билан мулоқот қиладиган жой. Ҳа, отам баъзан у ерга боради. Лекин мен ундан қочаман, чунки мени у ерга тинглаш учун келган одам сифатида қабул қилишларини хоҳламайман.
- Футбол ҳақидаги ўз фикрингиз қандай?
- Отам доимо футболда ҳамма нарса кашф этилганлигини айтади ва мен унга қарши чиқмоқчи эмасман. Лекин ўйлайманки, футбол ривожланишдан тўхтамайди. Умуман, футбол борасидаги фикрларимиз бир хил. Кейин муҳокамалар, тафсилотлар бор. У менга бу спортнинг футболчилари эканлигини, яхши мураббий бўлишни истасам, бор нарсамга мослашиш кераклигини ўргатди. Ва ҳар бир ўйинчи ўзини исботлай оладиган ўйин яратишга. Буни қилганингизда, ўзингизни бахтли ҳис қилишингиз мумкин. Агар ўйинчиларингизга қулай эканини кўрсангиз, демак муваффақиятга эришдингиз. Агар улар тизим туфайли қийналаётганини кўрсангиз, унда сиз яхши ишламаяпсиз. Отамнинг бу тушунчаси жуда муҳим ва у ўз фаолиятида бўлгани каби мослашувчан бўлиш осон эмас. Охир-оқибат отам жуда камтар, аммо 4-3-2-1 схемасини айнан у ўйлаб топган. У шунчаки менежер эмас, спортга тактик даражада катта ҳисса қўшган шахс. У ҳар доим футболчилар билан ишлашни биладиган яхши инсон ҳисобланган. Бу унинг кучли томонларидан бири, лекин футбол ҳақида жуда кўп билимга эга, ўз жамоалари билан бошқача ўйнашни билади ва бу катта устунликдир.
- Давиде Анчелоттини бош мураббийлик лавозимида қачон кўрамиз?
- Отам мураббийлик фаолиятини тугатиши биланоқ, унинг ишини давом эттиришни хоҳлайман.
МУҲАММАДХОН тайёрлади