"Sportico" нашри тайёрлаган мақолада айтилишича, АПЛ жамоаларининг умумий қиймати ошган. Бунга турнир транслация ҳаққининг кўпайгани ва стадионга мухлисларнинг қайтгани катта таъсир кўрсатган. Пандемия пайтида стадионлар ёпилиб, ўйинлар ёпиқ эшиклар ортида ўтказила бошланган эди. Ҳозир эса вазият яхши томонга ўзгарган.
Ҳисоб-китобларга кўра, Англиядаги энг қиммат клуб бу "Манчестер Юнайтед" ҳисобланади. Клубнинг умумий қиймати 4,8 миллиард фунтга баҳоланган. "Қизил иблислар" бу борада ўз рақобатчиси бўлган "Ливерпул"дан анча ўтиб кетган. Мерсисайдликлар айни дамда 3,8 миллиардга арзийди деб ҳисобланмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирда ҳар икки клуб сотувга қўйилган. Хусусан, "МЮ" эгаси бўлган Глейзерлар хонадони клубни 7 миллиардга сотишга рози бўлишини билдирган. Унга Англиянинг энг бой кишиси Сер Жим Рэтклифф қизиқиш билдирганди.
Бошқа бир томонда "Ливерпул"га эгалик қилувчи "FSG" бутун клубни сотишини маълум қилганди. Аммо кейинчалик ниятидан қайтиб, жамоанинг акцияларини бир қисминигина сотишини эълон қилди.
Рўйхатда "Манчестер Сити" учинчи поғонада келтирилган бўлиб, араблар жамоаси 3,5 миллиардлик қийматга эгадир. Тўртинчи ўринда "Арсенал" қайд қилинган. Ушбу Лондон клуби 2,9 миллиард фунтга нархланади. Бу орқали "Арсенал" илк бор "Челси"дан ўзиб кетди. "Кўклар" 2,8 миллиард фунтга баҳоланди. Шунингдек, рўйхатда миллиард билан баҳоланган сўнгги клуб келтирилади ва у "Тоттенхэм"дир. Бу жамоага қизиқувчилар 2,6 миллиард фунт тўлаши талаб этилади.
Қолган жамоалар ичида "Вест Хэм" энг қимматидир. Лондон клубинг нархи 539 миллион фунтга тенг. Юқоридаги расмда тўлиқ рўйхатдан билан танишишингиз мумкин.
ИСМАТОВ Ж.