1. "МЮ" 3-1 "Арсенал" (2022 йил, сентябрь)
"Арсенал" 2022-23 йилги мавсумни ажойиб бошлаган эди. "МЮ"га қарши биринчи давра ўйинига, бу жамоа кетма-кет бешта ғалаба билан етиб келган. Ўйин жуда ҳам энергетик бошланиб, лондонликлар тен Хаг жамоасини қамал қилади. Кўплаб имкониятлардан фойдалана олмаган "Арсенал", қарши ҳужумларда бир неча марта жазоланади. 3-1 ҳисобидаги мағлубият, кечаги кунгача жамоанинг ягона салбий натижаси сифатида қайд этилиб келаётганди. "Манчестер Юнайтед"дан кейинги ўйин "Брентфорд" билан бўлади ва унда тўпчилар 3-0 ҳисобида зафар қучади. Шундай қилиб, Микель Артета шогирдлари, кейинчалик, 10 та турда жами 26 очко тўплаган эди.
2. "Тоттенхэм" 3-0 "Арсенал" (2022 йил, май)
Ўтган мавсумда ЕЧЛ учун кураш авж олиб кетади. Май ойида эса Шимолий Лондон дербиси бўлиб ўтади. "Арсенал" бу ўйинда камида дуранг қайд этиши керак бўлган. Аммо ҳаммаси тескари бўлиб кетди. 3-0 ҳисобидаги мағлубият жамоа руҳиятига қаттиқ таъсир қилди. Кўп ўтмай, "Ньюкасл" ҳам "канонирлар"ни мағлубиятга учратади (2-0). Ушбу икки мағлубият "Арсенал"нинг ЕЧЛ орзусига мантиқий якун қўяди. 38 турда "Эвертон" билан баҳсда 5-1 ҳисоби қайд этилади. Аммо бу ҳеч нарсани англатмас эди. "Арсенал" ёзда ўзининг руҳий жароҳатларини даволаб, мавсумолди баҳсларига худди оч маҳлуқ каби қайтади.
3. "Кристал Пэлас" 3-0 "Арсенал" (2022 йил, март)
"Арсенал" ўзининг эски дўсти бўлган Патрик Виейра жамоасига қарши келганида ажойиб формада эди. Артета жамоаси "Сэлхурст Парк"даги ўйингача бешта турда кетма-кет ғалабалар билан келганди.
Ўйин кейин: "Биз ёмон ўйин кўрсатдик, айниқса, биринчи бўлимда. Мен мухлислардан кечирим сўрайман. Бугунги ўйинда етарлича фидокорлик кўрсата олмадик. Бу мени жаҳлимни чиқарди. Баъзида футболчилар керакли жойларга вақтида етиб бора олмайди. Босимни енгиб ўта олмадик ва мағлуб бўлдик", – деган эди Микель Артета. "Арсенал" кейинги икки турларда ҳам "Брайтон" ва "Саутгемптон"га қарши мағлубиятга учрайди. Камига, асосий таркиб футболчилари бўлган Киран Тирни ва Томас Партилар жароҳат билан сафдан чиқади. Шунга қарамай, Артета ҳаммасини ўнглайди ва "МЮ" ва "Челси"дан олти очкони тортиб олади.
4. "Арсенал" 1-2 "Манчестер Сити" (2022 йил, январь)
Янги йилнинг илк кунидаги мағлубият ўта аламли эди. Аммо "Арсенал" ўйин давомида катта устунликка эришади. Шундай ажойиб ҳаракатлар очко билан тақдирланмаса ҳам, мухлисларга умид берганди. Родрининг қўшиб берилган дақиқалардаги голи Эмирейтсни ларзага келтирган. Бу мағлубиятдан кейин ёмон серия қайд этилди. Аввалига "Ноттингем" билан Англия кубогидаги мағлубият, кейин эса лига кубогида "Ливерпул"дан учралган 2-0 ҳисобидаги омадсизлик жамоани қийнаб қўяди. АПЛда эса "Бёрнли" билан нурсиз дуранг ҳам қайд этилган. Аммо "Арсенал" таслим бўлмади ва кейинги 5 та баҳсда қаторасига ғалабага эришилди.
5. "Брентфорд 2-0 "Арсенал" (2021 йил, августь)
2021-22 йилги мавсум "Арсенал"нинг сўнгги йигирма йил ичидаги илк Еврокубокларсиз даври эди. Чунки ундан олдинги мавсумни "Арсенал" 8 ўринда тугатганди. "Тўпчилар" янги мавсумнинг илк ҳафталарида ўта қаттиқ синовлардан ўтказилади. Дастлабки учта ўйин мағлубият билан тугайди. "Брентфорд"дан иккита, "Ман Сити"дан 5 та, "Челси"дан 2 та гол ўтказган "Арсенал", жами тўққизта гол фарқи билан 20 ўринга тушиб қолади. Жамоани ярасига туз сепиб, Нуну Эшпириту Сантунинг "Тоттенхэм"и дастлабки учта турдан кейин 9 очко билан етакчилик қила бошлаганди. Бироқ, клуб раҳбарияти сабр қилди ва Артетага вақт берди. Шундан кейин "Арсенал" 3 та ўйинда кетма-кет ғалабага эришади. Бир ойдан кейин эса "Тоттенхэм" ортда қолдирилган эди. Шунақа, футболда нарсалар тез ўзгаради. Шундай қилиб, "Арсенал" аксар вақтларда ирода кўрсата олган. Кўрамиз, кечаги мағлубият асоратлари қанчагача давом этаркин...
ИСМАТОВ Ж.