Англиянинг амалдаги чемпиони "Манчестер Сити" молиявий қоидаларни бузганликда айбланиб, АПЛда тушиб кетиши мумкин. Агарда бу тахмин ўзини оқласа, у ҳолда "шаҳарликлар"нинг бу мавсумдаги натижалари бутунлай бекор қилинади. Mавсум давомида "Манчестер Сити"дан очко олиб қўйган еттита жамоанинг натижаларида ҳам ўзгариш юз беради. Клуб учун кўплаб жазолар қўлланиши мумкин. Улар ичида энг енгилидан тортиб, очко олиб қўйиш, ҳатто, АПЛдан тушириб юбориш ҳам мавжуд.
Агарда "Манчестер Сити" лигани тарк этгудек бўлса, "Арсенал" турнир жадвалида 11 очко фарқ билан етакчилик қила бошлайди.
"Шаҳарликлар"га қўйилаётган айблов аниқ ва лўнда – клуб 2009 йилдан то 2018 йилга қадар, тўққиз мавсум давомида молиявий чекловларни бузиб келган. 2018-19 йилдан бери жамоанинг молиявий масалалари назоратда бўлмаган. Шу сабаб, қолган тўрт мавсумнинг ҳисоботлари ҳам текширувдан ўтказилади. "Манчестер Сити" турнир жадвалидан олиб ташланса, ягона ва яққол етакчи "Арсенал" бўлиб қолади. Албатта, "тўпчилар" пастроқдаги "МЮ" ва "Ньюкасл"нинг ҳолатидан яхши хабардор. Чунки "шаҳарликлар"нинг йўқолиб қолиши, учинчи ва тўртинчи ўриндаги клублар натижасига ҳам таъсир қилади. Чунки "қарғалар" ва "қизил иблислар" "Манчестер Сити" билан ўйин ўтказиб, очко олган еттита клублар ичида мавжуд.
"МЮ" январь ойида "Манчестер Сити"ни 2-1 ҳисобида мағлуб этган. Агарда бу натижа бекор бўлса, Эрик тен Хаг жамоаси 42 очко эмас, балки 39 жамғарган бўлади. Шунингдек, "Ньюкасл"дан ҳам бир очко айириб ташланади. Негаки, улар амалдаги чемпионлар билан августь ойида 3-3 ҳисобида дуранг қайд этганди. Шунга қарамай, Эдди Хау жамоаси голлар нисбатига кўра, "МЮ"дан олдинда, иккинчи поғонада жойлашади. "Тоттенхэм"нинг ўрни ҳам жадвалда тепага силжиб, тўртга чиқади. Бироқ, ЕЧЛга йўлланма берувчи тўртинчи ўрин, "Манчестер Сити" билан АПЛдан олиб ташланади. Яъни, АПЛда 3 клуб ЕЧЛга чиқа олади холос. "Шпорлар" яқинда "шаҳарликлар"ни мағлуб қилган. Шу сабаб бу жамоа ҳам уч очкосидан айрилади.
2022-23 йилги мавсумда, шунингдек, "Манчестер Сити"дан "Эвертон", "Брентфорд", "Ливерпуль" ва "Астон Вилла" очко олиб қўя олган. Хусусан, "Ливерпуль" Гвардиола жамоасини 1-0 ҳисобида мағлуб этган. Ўша уч очкосиз мерсисайдликлар 10 ўринга тушиб қолади. 9 ўринга "Астон Вилла" чиқиб олади. Бу мавсумда ажойиб ўйин кўрсатаётган "Брентфорд" октябрь ойида "Манчестер Сити"ни ўз майдонида мағлуб қилиб қайтган. Аммо "арилар"дан ҳам уч очко олиб ташланади. Шунга қарамай, лондонликлар Еврокубокларга йўлланма берувчи, еттинчи ўринда қолаверади.
Жавдалдаги "Эвертон" Янги йил арафасида "шаҳарликлар"дан очко тортиб олган эди. Ўша ягона очко олиб ташланса, ливерпулликлар жадвалда қолган 19 клуб ичида 17 ўринни банд этади. Шон Дайч жамоаси остида фақатгина "Борнмут" ва "Саутгемптон" қолади.
ИСМАТОВ Ж.