Замонавий футболда ЕЧЛ бош соврини, асосан бой ва катта клублар томонидан қўлга киритилади. Аммо бу катта футболчилар ҳам унга эга чиқади дегани эмас. Йиллар давомида баъзи супер юлдузлар чемпионлар лигасини ютишга қийналишган ва буни удда қила олишмаган. Қуйида шундай футболчиларни йиғдик.
Дарвозабон: Жанлуижи Буффон
УЕФА тарихида йил футболчиси номини олган ягона дарвозабон, "Ювентус" билан ЕЧЛнинг 3 та финалини бой берган. У 2003 йилда совринга энг яқин келади. Аммо "Милан" барибир ғолиб бўлганди. Орадан шунча вақт ўтишига қарамай, Буффон ҳозир ҳам футбол ўйнамоқда. 45 ёшли қаҳрамонимиз рўйхатдаги ягона актив футболчидир.
Чап қанот ҳимоячиси: Лилиан Тюрам
2003 йилги финални мағлубият билан якунлаган яна бир футболчи Тюрамдир. У ўз даврида "Монако", "Парма", "Ювентус" ва "Барселона"нинг энг барқарор вакили эди. Тюрам Франция терма жамоаси билан катта зафар қучгандир. Аммо клублар миқёсида унга ЕЧЛни ютиш насиб этмаган.
Марказий ҳимоячи: Каннаваро
Классик италян ҳимоячиси кўпчилик томонидан эътироф этилади. Каннаваро "Олтин тўп" совринини қўлга киритган ягона ҳимоячи ҳамдир. У "Интер" сафида 2003 йилги ярим финалда "Милан"га имкониятни бой берган ва ЕЧЛдан маҳрум бўлган.
Марказий ҳимоячи: Лоран Блан
Аслидаку, Жоржо Кьеллини варианти ҳам бор эди. Бироқ, биз ҳимоячиларни фақат "Ювентус"дан тузиб чиқишни истамадик. Халқаро майдонда Блан Франция билан Жаҳон ва Европа чемпиони бўлади. Аммо клуб орқали ЕЧЛга эришиш унга насиб этмади. Блан ЕЧЛ турнирида "МЮ" билан 2002 йилда ярим финалга қадар етиб бора олган холос.
Чап қанот ҳимоячиси: Жанлука Замбротта
Замброттанинг фаолияти Тюрамникини акслантирганди. У ҳам 2003 йилда ЕЧЛ финалига "кекса синьора" билан йўл олади. 2006 йилда эса "Барселона"га кетади. Аммо каталон клуби ҳам Замброттага олий мақсадига етишида ёрдам бера олмаган.
Таянчда: Лотар Маттеус
Ҳимоя ва майдон марказидаги футболчиларга солиштирадиган бўлсак, Маттеус ЕЧЛга энг яқин келган вакил эди. Аммо унинг "Бавария"си 1999 йилда "Манчестер Юнайтед" томонидан финалда тор-мор келтирилганди.
Марказий ярим ҳимоя: Михаэль Баллак
Ўксиклик Баллак учун ҳам бегона ҳис эмас. Негаки, унинг жамоаси, "Байер 04" ЕЧЛ финалини бой беради. Ҳа, у кейинчалик "Бавария"га ўтиб Германияда зафарлар қозонади. Аммо "шалпангқулоқ кубок" барибир армонлигича қолаверди. 2008 йилги финалда у "Челси" билан ҳам бунга эриша олмайди.
Марказий ярим ҳимоячи: Павел Недвед
Недвед 2003 йилги "Ювентус"да фантастик даражада бўлган. У Зидан ўрнини босади ва ЕЧЛда Зайниддин ва унинг янги жамоаси бўлган "Реал"ни мусобақадан чиқариб юборади. Бироқ, "Милан" уни ҳам қон қақшатганди.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Франческо Тотти
Ҳа, Тотти борасида ҳам иккиланиш кучли эди. Чунки бу ўринга ундан ташқари Бергкамп, Бажо, Ибрагимович каби номзодлар бор эди. Бироқ, Тотти ҳаммасидан ҳам устунроқ жиҳатларга эга бўлган.
Ҳужумчи: Габриэль Батистута
Биз АПЛда рақибларга даҳшат солган футболчини танламасак бўлмасди. Чунки унинг тўпурарлик қобилиятини эътироф этмаслик мумкин эмас. "Манчестер Юнайтед" ва "Арсенал"нинг ўтмишдаги футболчилари буни жуда яхши билади.
Ҳужумчи: Роналдо
Ҳа, катта армон! У шундайки, "Il Fenomeno" ҳеч қачон ЕЧЛ бош совринини боши узра баланд кўтармаган. Бироқ, у ҳар доим бу турнирда урган "Олд Траффорд"даги хет-трик голлари билан ёдимизда қолади.
ИСМАТОВ Ж.