Биз умидлар рўёбга чиқаётган ажойиб даврда истиқомат қиляпмиз. Мамлакатимиз мустақиллигининг 21 йиллик байрами арафасида давлатимиз раҳбари клубимизнинг янги спорт комплексига ташриф буюрди.
“Бунёдкор” футбол клуби Ўзбекистон чемпиони сифатида сўнгги йилларда қитъамизнинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақаси – Осиё Чемпионлар лигасида мунтазам иштирок этиб, бошқа мамлакат стадионларида тўп тепиб келмоқда. Мусобақалар давомида 2002 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган Япония ва Жанубий Корея стадионларида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдик. Сўнгги Осиё чемпионатини ўзида қабул қилган Қатар мамлакати стадионларида бўлдик. Шунингдек, Австралия ва бир неча араб мамлакатлари ареналарида учрашувлар ўтказдик.
Бизнинг Тошкентдаги бундай ажойиб, ФИФАнинг барча талабларига жавоб бера оладиган, суперзамонавий спорт комплексни Осиё қитъасининг ҳеч бир ерида топиш қийин. Янги стадион ушбу ёзда мезбонлик қилган Европа чемпионати стадионларидан ҳеч ҳам қолишмайди. Ҳатто баъзи Евро-2012 ареналаридан устунроқ.
Қачонки турли мамлакатлардан ташриф буюрган рақибларимизни янги аренамизда қабул қилар эканмиз, яратилган бундай ажойиб шароитлардан ғурурланиб тўп тепамиз.
Янги аренамизга ташриф буюрган Муҳтарам Президентимиз мухлислик маданиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Бу борада биз кенг кўламли ишларни амалга оширишимиз керак.
Янги стадионнинг шундоққина ёнгинасида болалар-ўсмирлар футбол мактаби тарбияланувчилари шуғулланиши жуда ажойиб бўлди. Бу келажакда мамлакатимиз шарафини халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қиладиган ёш иқтидорларни тарбиялаш имконини беради. Ҳукуматимиз раҳбарларининг саъйи ҳаракатлари эвазига яратилган шароитлардан болаларимиз жуда-жуда мамнунлар.
Мустақиллигимиз шарофати билан илгарилари орзу қилган мана шундай улкан стадионга эга бўлдик.
Давлатимиз раҳбарининг ишончини оқлаш учун клубда барча ишларни амалга оширамиз, ҳар қандай мусобақаларда муносиб қатнашиб, мухлисларни хушнуд этамиз!