"Манчестер Юнайтед"ни сотиб олиш учун Қатар шайхи Яссим бин Ҳамад ал-Таний ҳамда британиялик миллиардер Жим Рэтклифф расмий таклиф юборганди. Клубнинг айни дамдаги эгалари ўтган жума кунини сўнгги муддат сифатида белгилаган. 17 февралга қадар иккита йирик таклиф келиб тушди. Улардан бири Шайх Яссимники бўлиб, у 5 миллиард атрофида экани айтилади.
Ноябрь ойидаёқ "МЮ"ни сотувга қўйилгани ва харидорлардан таклифлар кутилаётгани хабар қилинган. Қуйида шулардан иккитаси ҳақида сўз боради.
Улар кимлар?
Шайх Яссим бин Ҳамад ал-Таний Қатарнинг энг йирик банкларидан бирининг раиси саналади. У, шунингдек, Қатарнинг собиқ бош вазири ва Форс кўрфази давлатлари ташкилоти аъзосининг ўғли ҳамдир.
Guardian берган маълумотда айтилишича, Шайх 1992 йилдан бери "МЮ"га мухлислик қилади. У шу сабабдан ҳам ўз фондига "Nine Two" деб ном берган.
70 ёшли Сер Жим Рэтклифф ҳам "қизил иблислар"нинг узоқ вақтдан бери қўлловчиси саналади. У Олдхэм шаҳрида таввалуд топган ва кимёвий компания ҳисобланадиган INEOS'нинг асосчиси ҳисобланади. Унинг компанияси француз клуби "Ницца", Швейцариянинг "Лoзанна" ҳамда Формула 1 жамоаси бўлмиш "Мерcедес"га эгалик қилади.
Уларнинг бойликлари қанча?
Шайх Яссим "QIB" банкининг раиси ва унинг банки ихтиёрида 42 миллиард фунт жамланган. Қолаверса, у Қатар қироллик оиласига ҳам алоқадор шахсдир. Унинг "МЮ"га даъво қила бошлаши, "ПСЖ"га эгалик қилувчи корхона билан алоқадорлик борасида саволлар туғилишига сабаб бўлганди.
Иккинчи даъвогар Рэтклиффнинг шахсий пуллари эса 6.1 миллиард фунт экани айтилган. "Bloomberg" эса британиялик компанияси умумий 11.3 миллиард фунтга эгалик қилишини ёзганди.
Уларнинг "МЮ" учун келажакдаги режалари қандай?
Шайх Яссимнинг режасида клуб барча қарзлардан озод қилиниши ва эски-шонли даврларга қайтарилиши ваъда қилинади. Клуб 2012-13 йилги мавсумдан бери АПЛда чемпион бўла олгани йўқ. Шу сабабдан катта ўзгариш қилиш зарур. Агар қатарликлар бошқарувга келса, клуб стадиони янгиланади. Барча керакли жиҳозлар олиниб, инфраструктурага эътибор қаратилади. Барча жамоаларга бирдек сармоя киритилади.
Рэтклиффнинг режаси эса жамоани ўзи ёшлигида кўрган даврларига қайтаришдир. Жамоа прогрессив, замонавий ва мухлислар қанотидаги лойиҳага айлантирлиши керак. Бунинг учун эса инглизча ёндашув талаб қилинади.
Мухлислар нима дейди?
"Манчестер Юнайтед"нинг бир жинсли мухлислар жамияти клубнинг қатарликлар қўлига ўтишини истамайди. Негаки, Қатарда бир жинсли никоҳ таъқиқланган ва маънавий бузуқлик сифатида қабул қилинади. Бу эса "МЮ"нинг камалак рангли байроқ тутган мухлисларига ёқмаяпти. Шу сабабдан улар учун Рэтклифф варианти энг мақбули сифатида эътироф этилади. Клуб сотуви борасидаги овоз бериш жараёнлари шуни кўрсатадики, мухлисларнинг 45.75 фоизи олдхэмлик бойни, 44.55 фоизи қатарлик инвесторларни ёқлаган. Қолган 3.59 фоиз овоз Глейзерларнинг қолиши, 6.11 фоизи эса бошқа бир харидорга сотиш кераклигини кўзда тутган.
ИСМАТОВ Ж.