"Нефтчи" сафига янги келиб қўшилган украиналик легионер Юрий Батюшин билан кичик интервью уюштирдик.
— Ўзбекистонга хуш келибсиз! Юртимиз ҳақида қандай тасаввур пайдо бўлди ?
— Раҳмат. Юртингиз ҳақида шуни айтишим мумкинки, биринчи таассуротларим жуда ижобий. Маҳаллий аҳоли томонидан илиқ мунособат ва ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканлиги яққол сезилмоқда, янги иқлимга кўникиш қийин бўлмайди деб ўйлайман.
— "Нефтчи" жамоасига келишингиз қандай содир бўлди?
— Жамоага келишим агентим орқали содир бўлди. У менга "Нефтчи" вариантини таклиф этди ва бир ҳафта ўтгач мен жамоага келиб қўшилдим.
— Ўзбек футболчиларидан кимларни танийсиз?
— Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган юртдошим Андрей Мишенко билан илгари таниш бўлганмиз, чунки у билан бирга Украинада тўп суриш насиб этган.
— "Нефтчи" тарихий ва ўзига яраша анъаналари бор клуб. Уни қанчалик ўргандингиз?
— Жамоанинг анъаналари ва тарихига келсак, ҳали танишиб улгурмадим. Имкон қадар тез фурсатларда ушбу камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қиламан. Мен билганим, мухлислар жуда талабчан экан.
— Сизни жамоамиз сафидаги фаолиятингизга омад тилаб қоламиз.
— Раҳмат, Худо хоҳласа тез орада жамоа мухлисларини хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
"Нефтчи" ПФК матбуот хизмати