"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Эрик тен Хаг "қизил иблислар"нинг Лига кубогидаги ғалабасидан сўнг жамоа мухлисларига очиқ хат ёзди.
"Манчестер Юнайтед"нинг барча мухлисларига. Бугун эрталаб сизга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш учун вақт топдим.
Клубга илк бор келганимда, биз футболчиларни ажойиб мухлисларимиз билан бирлаштириш қанчалик муҳимлигини муҳокама қилгандик. Ишонинг, бу жамоа сизнинг қанчалик муҳимлигингизни яхши билади. Мухлислар ва "Манчестер Юнайтед" ўртасидаги боғлиқлик ҳаммага аён. Кеча бирга бошдан кечирганимиз [Лига кубогини ютиш] бу ришталарни янада мустаҳкамлайди.
"Уэмбли"да барчангиз яратган муҳит ақл бовар қилмайдиган эди. Биринчи дақиқадан сўнгги дақиқагача биз билан бирга бўлдингиз, жамоани даъват қилдингиз, қўллаб-қувватлаб, тўсиқларни енгиб ўтиб, кубокни Манчестерга қайтаришга ундадингиз. Стадионда бўла олмаганларга келсак: ўйиндан олдин ҳам, ўйин давомида ҳам, кейин ҳам сизнинг қўллаб-қувватлашингизни ҳис қилдик. Билингки, ҳар бирингиз ҳамиша “Манчестер Юнайтед” муваффақиятида ўз ҳиссангизни қўшасиз.
Мен футболчиларим ва ходимларим билан уларнинг тайёргарлиги ва ўйинларидан фахрланаман. Кеча биз "Манчестер Юнайтед" вакили бўлган ҳар бир кишидан талаб қилиниши керак бўлган керакли истак, руҳ ва қатъиятни кўрдик.
Биз ҳар куни ўзимизга юқори талаблар қўямиз. "Уембли"да биз ушбу талабларга жавоб бердик ва биринчи кубок билан тақдирландик. Биз бу буюк клуб тарихида совринлар қанчалик муҳимлигини биламиз. Кубокни “Олд Траффорд”га қайтарганимиздан жуда хурсандмиз, лекин биз ҳеч қачон эришган ютуқларимиз билан чекланмаймиз.
"Манчестер Юнайтед" билан бирга ғалаба қозониш нимани англатишини ҳис қилдик. Бу ҳақиқатан ҳам ажойиб ва ҳар биримиз тобора кўпроқ янги муваффақиятларга интиламиз. Сўнгги бир неча ой ичида бу жамоа кўп ютуқларга эришди, аммо олдинда бундан ҳам қизиқарли нарсалар бор. Сизни ишонтириб айтаманки, "Манчестер Юнайтед"да ҳамма астойдил ишлайди, чунки биз бу клуб ва унинг мухлислари бундай кунларга муносиб эканини биламиз.
Бугун биз чоршанба оқшомида Англия кубоги доирасидаги "Вест Хэм" билан учрашувга тўлиқ тайёргарлик кўриб, ишга қайтамиз. Биз клубни хоҳлаган жойига қайтаришга интиламиз.
Билингки, сиз бизнинг мақсадларимизга эришиш учун жуда муҳимсиз. "Манчестер Юнайтед" ва мухлислар бирлашганда нима бўлиши мумкинлигини кечаги кун кўрсатди. Қўллаб-қувватлаганингиз ва фидойилигингиз учун ташаккур!” — дея бош мураббий Тен Хаг сўзларини келтиради жамоа расмий сайти.