АПЛда ҳаммаси қизиқарли тус олиб бормоқда. Барчаси сўнгги турларгача ҳал бўлмаслигидан, албатта мухлислар ютади. Бӯ ерда нафақат чемпионлик ёки тўртликка кириш учун, балки турнирда қолиш учун ҳам қизғин курашлар кечади.
Англияда сўнгги тур баҳслари ҳам жуда қизиқ тус олди. Хусусан, "Арсенал" "Лестер"ни меҳмонда кичик ҳисобда енгиб, ўз етакчилигини мустаҳкамлаган бўлса, ортидан "шаҳарликлар" "Борнмут"ни ер тишлатди.
Бошқа фронтларда ҳам курашлар авжида. Масалан, "Тоттенхэм" "Ньюкасл"нинг кубок баҳсидаги иштирокидан фойдаланган ҳолда, тўртинчи ўринга 4 очколик фарқ билан жойлашиб олди. "Шпорлар" ўз уйида "Челси"ни 2-0 ҳисобида мағлуб этган эди. "Фулхэм" ва "Ливерпуль" очко йўқотгани ҳам эътиборга молик фактлардир. Пастки томонларда ҳам жанглар кечмоқда. Хусусан, "Вест Хэм" ўз майдонида "Ноттингем"ни 4-0 ҳисобида енгиб, хавфли ҳудуддан тепага кўтарилиб олди. "Эвертон" эса "Астон Вилла"га учралган мағлубият сабабли яна "кучсиз учталик"ка қайтишга мажбур бўлди. Хўш, шундай натижалардан сўнг, АПЛда ким чемпион бўлади? Суперкомпютер буни яна бир бор тахмин қилиб кўрди.
Ҳисоб-китобларга кўра, "Арсенал" 38-турга қадар етакчилик мақомини сақлаб қолади. Микель Артета жамоаси сўнгги 19 йилдаги илк чемпионликка эришиши тахмин қилинган. Улар "Манчестер Сити"дан 4 очко одимлаб кетган ҳолда мавсумни якунлайди.
Улардан сал пастроқда тўртинчи ўрин учун кураш кечади. Унда "Тоттенхэм" ва "Ньюкасл" пойгага киришади. Суперкомпютерга кўра, "қарғалар" ҳисобида иккита захирадаги ўйин борлиги, мавсум сўнгидаги жадвалга таъсир этади. Натижада Эдди Хау шогирдлари "Тоттенхэм"ни бир очко фарқ билан ортда қолдириб, тўртинчи ўринга эга чиқади.
Жадвал пастида ҳам зичлик мавсум охирига қадар сақланиб қолади. Жумладан, 38-турдан кейин 12 ва 19 ўриндаги жамоалар ўртасидаги фарқ, бор-йўғи олти очкони ташкил этади. Бу эса ҳар қайси учта жамоа Чемпионшипга равона бўлиши мумкинлигини ангалатади. Суперкомпютер эса ўша учта номзодлар ўрнида "Борнмут", "Саутгемптон" ва "Эвертон" бўлишини тахмин қилган. Бошқа номзодлар бўлмиш "Вулверхэмотон", "Ноттингем" ва "Лидс"лар турнирда жон сақлаб қолади.
ИСМАТОВ Ж.