Хабарингиз бор, “Андижон” футбол клуби февраль ойида Туркия Суперлигасида ўз ўрнига эга бўлган “Антальяспор” клуби билан ҳамкорлик қилиш бўйича шартнома имзолаганди. Жамоаларнинг дастлабки учрашуви ва музокаралари Анталия шаҳрида ўтказилганлиги бўйича аввал хабар берилганди.
Айтиш мумкинки, дастлабки учрашувда асосан томонларнинг бир-бири билан танишиши, фикрлар алмашиш жараёнлари бўлиб ўтган. Эндиликда клублар ҳамкорликни янада ривожлантириш учун навбатдаги босқичга киришишмоқда. Шу боис жавоб ташрифи билан юртимизга “Антальяспор” клуби делегацияси ташриф буюрмоқда. Улар бугун, 10 март куни кечки пайт соат 21:20 да тўғридан-тўғри Анталиядан парвоз қиладиган самолёт билан Тошкентга етиб келадилар ва бу ерда 13 мартга қадар бўладилар.
Меҳмонлар делегацияси таркиби қуйидаги мутахассислардан иборат:
Эрдем Эрдал (клубнинг халқаро муносабатлар ва стратегик режалаштириш бўйича менежери), Аднан Карахан (клубнинг бош скаути), Мехмет Али Эрдал (оммавий ахборот воситалари билан ишлаш департаменти вакили), Мехмет Хакан Онкур ("Фанатик тур" сайёҳлик агентлиги раиси) ва Доғухан Онкур ("Фанатик тур" менежери). Уларга Тошкентга бироз олдинроқ етиб келган "Фанатик тур"нинг спорт директори Абдуҳамид Ҳамидов ҳам ҳамроҳлик қилади.
Режада “Антальяспор” футбол академиясининг юртимизда ўз филиалини очиш масаласи, селекция ишлари, “Сурхон” – “Андижон” учрашувига ташриф, бундан ташқари, “Андижон” жамоаси билан яқиндан танишиш, U-20 Осиё чемпионати чорак финалидан ўрин олган Ўзбекистон ҳамда Австралия терма жамоалари иштирокидаги ўйинни кузатиш ва “Антальяспор” селекция сиёсатига тўғри келадиган, потенциали юқори бўлган ўзбекистонлик футболчиларни кўздан кечириш, қолаверса, U-20 Осиё чемпионатининг бошқа учрашувларини томоша қилиш ҳам ўрин олган.
"Ҳамкорликнинг кейинги қадамлари сифатида бир-бирлари билан янада аниқ режа ва тадбирлар бўйича келишиб оладилар. Бу борада биз яна қўшимча маълумот берамиз" - дейилади "Андижон" футбол клубининг расмий баёнотида.