1905 йил 10 март санасида инглиз футболидаги яна бир катта номга эга бўлган клубга асос солинган. Бугун ушбу клуб ўзининг 118 йиллигини нишонламоқда. Гап кўк либоси билан ёдимизда қолган "Челси" ҳақида кетмоқда. Клуб асосчиси сифатида ўша пайтдаги енгил атлетика аренасини сотиб олиб, футбол стадионига айлантирган Гус Мирсни айтишимиз мумкин. 118 йил давомида "Челси" бир нечта кубокда ғалаба қозонишга улгурди. Биз эса ўша совринлардан энг ёрқини бўлган Европа Чемпионлар Лигаси 2011/2012 йилги мавсум чемпионлиги ҳақида сўз юритамиз. Хўш, "Челси"га мана шундай катта совринни илк марта ютишига ҳисса қўшган юлдузлар ҳозир қаёрда.
Дарвозабон: Петр Чех
Олдинги декаданинг энг кучли дарвозабонларидан бири бўлган Петр Чех "Челси"нинг Европада тенгсиз бўлишига энг катта ҳисса қўшган футболчи ҳисобланади. Финалнинг қўшимча бўлимларидаги пенальтини, сўнгра "футбол лоторея"сидаги ҳалоскорлиги "Челси"га якунда ғалаба олиб келган. "Челси" афсонаси 2015 йил клубни тарк этиб, "Арсенал" сафига бориб қўшилган. 2019 йилда эса "танк ҳайдовчиси" футболчилик фаолиятини якунлаган. Шундан сўнг кипер омадини ҳоккейда синаб кўрди ва ҳозир ҳам профессионал ҳоккей дарвозабони сифатида фаолият юритмоқда. Шунингдек, Чех "Челси"да техник ишлар бўйича маслаҳатчи бўлиб ҳам ишлайди.
Ҳимоячилар: Жозе Босингва, Давид Луис, Гари Кэйхилл, Эшли Коул
Жозе Босингва чемпионлик йилидан сўнг "Қуинс парк рейнджерс" билан шартнома имзолаган. 1 мавсумдан сўнг футболчи "Трабзонспор" таркибига бориб қўшилди ва 2016 йил футболчилик фаолиятини тугатди. Португалиялик ҳимоячи шундан сўнг деярли кўриниш бермайди ва спортга алоқадор касбда ҳам уни кўрмадик. Балки Босингва қандайдир бизнес билан машғулдир? Бу ҳақида маълумот йўқ.
Давид Луис 2014 йил "Челси"дан "ПСЖ"га кўчиб ўтди ва 2 мавсумдан сўнг "аристократлар" сафига қатиб келди. 2019 йилдан Луис Лондоннинг бошқа бир жамоаси "Арсенал" сафида кўриниш берди. 2 йилдан сўнг футболчи ўз она юрти "Бразилия"га қайтиб кетди ва шундан бери "Фламенго" сафида майдонга тушмоқда. 35 ёшли футболчи катта эҳтимол энди Европага қайтмайди.
Гари Кэйхилл "Челси"нинг ЕЧЛда чемпион бўлган мавсуми жамоага келган ва 7 йиллик фаолиятини "аристократлар"га бағишлаган. 2019 йил футболчи "Кристал Пэлас" сафига кўчиб ўтган. 2 йилдан сўнг ҳимоячи "Борнмут" сафида фолият олиб борди ва 2021 йилда "бутсани михга илди".
Эшли Коул "Челси" афсоналаридан бири сифатида тилга олинади. Футболчи "Челси"даги 8 йиллик мавсумидан кейин, 2014 йилда "Рома" сафига бориб қўшилади. Омадсиз мувсумлардан кейин инглиз океанортига жўнаб кетади ва "ЛА Гелекси" билан шартнома имзолайди. 2019 йилда Коул Англияга қайтиб, "Дерби Каунти" сафида бир нечта ўйинлар ўтказади ва шундан сўнг у ҳам фаолиятини тугатади.
Ярим ҳимоячилар: Жон оби-Микел, Френк Лемпард, Саломон Калу, Хуан Мата ва Райан Бертран
Оби Микел, у ҳам сўзсиз "Челси"нинг афсоналаридан бири ҳисобланади. 2006 - 2017 йиллар давомида "Челси"да тўп сурган футболчи лондонликлар сафидан кетгач, кўп бор жамоасини алмаштирди ва 2021 йилда "Қувайт СК" билан шартнома имзолади. Аммо бирорта ўйинда майдонга тушмади. Ўтган йилнинг охирида нигериялик 35 ёшида фаолиятини якунлаганини расман эълон қилди.
Френк Лемпард "Челси"нинг ҳақиқий тирик афсонаси. 13 йил "Челси" либосида майдонга тушган юлдуз 2014 йилда "Ман Сити" билан шартнома имзолади ва бир йилдан сўнг, у ҳам Эшли Коул сингари Америкага кетди. " Нью Йорк Сити"да афсона футболчилик фаолиятини якунлади. 2018 йилдан Френк ўзини мураббий сифатида синаб кўрмоқда. Шу пайтгача у "Дерби Каунти", "Челси" ва "Эвертон" сингари клубларни бошқарди ва яқинда "Эвертон"дан истеъфога чиқарилди.
Саломон Калу чемпионликдан сўнг, Франциянинг "Лилль" жамоаси таркибида кўриниш берди. Икки йилдан сўнг у ўзини Бундеслигада синаб кўрди ва "Герта" таркибида 6 йил тўп тепди. Ҳозирда Калу Жибути миллий чемпионатидаги "Солар" жамоасида футбол ўйнамоқда.
Хуан Мата "Челси"даги суперўйинларидан сўнг, 8 йилни "МЮ" сафида ўтказди ва аввалига яхши ўйнаган ярим ҳимоячи кейинчалик жамоанинг ажралмас заҳира футболчисига айланиб қолди. 8 мавсумда 200га яқин ўйин ўтказган юлдуз ўтган йили "Галатасарай" таркибига бориб қўшилди.
Райан Бертран жамоадаги энг кичик ном десак, ажаб бўлмайди. Футболчи "Челси"даги умумий 9 йилини 10та клубда ўтказди. Клуб футболчини ҳар йили ижарага берарди. Расман 2015 йил "Челси" билан шартномаси тугагач, Бертран "Саутнемтон" сафига бориб қўшилди. 6 мавсум "оқ-қизиллардаги фаолиятидан сўнг, 2021 йилдан бер у "Лестер" футболчиси.
Ҳужумчи: Дидье Дрогба
"Челси"нинг чемпионлигига асосий ҳисса қўшган футболчи келаси мавсумни Хитой клубида бошлаган ва бир йилдан сўнг "Галатасарай" сафига кўчиб ўтган. Туркиядаги бир мавсумдан кейин Дрогба яна ўз жамоасига қайтди ва бир йилдан кейин яна клубини алмаштирди. Охир-оқибат 2018 йилда юлдуз АҚШнинг "Феникс Рисинг" жамоасида фаолиятини якунлаган.
Мураббий: Роберто ди Маттео
Италиялик мураббий чемпионликдан сўнг бир-неча йил кўриниш бермади ва 2014 йил "Шальке"да иш бошлади. Омадсиз 1 мавсумдан сўнг у 2016 йилда "Астон Вилла" мураббийи сифатида таништирилди ва яна муваффақиятсизликка учради. 2023 йилнинг бошида италиялик мутахассис Кореанинг "Чонбук Моторс" клубида техник маслаҳатчи сифатида иш бошлаган.