Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Таъсирчан Эрматов

Баҳо:
+5 | -

Сўнгги пайтларда футболда ҳакамларнинг хатоларини камайтириш мақсадида юқори ташкилотлар (ФИФА, УЕФА, ОФК) турли лойиҳаларни амалда қўллаб келмоқда. Масалан, европаликлар дарвозалар ортига бир нафардан ҳакамларни қўйиб, бир неча йил давомида уни синади ва сўнгги Европа чемпионатини 5 нафар ҳакам билан ўтказди.

Ҳеч бир ҳакам хатодан холи эмас. Бир ўйинда бўлмаса, бошқаси албатта хато қилади. Ҳаттоки ФИФА ҳакамлар хатосини “ўйиннинг ажралмас бир қисми” деб атади. Фақат қоидалар китобини ёдлаб олиш ва уни майдонда қўллаш билан яхши ҳакам бўлиш мумкинми? Равшан Эрматов билан уюштирилган суҳбатимиз давомида мана шу масала ҳам кўтарилди. Фурсатдан фойдаланиб, унинг Лондон таассуротлари билан ҳам қизиқдик.

Ҳақиқий футбол халқи
— Олимпиада ташкилий қўмита аъзоларининг айтишича, Лондон олимпиадасининг очилиш маросимига Пекин-2008чалик пул сарфланмагану, аммо очилиш маросимини Хитойдагидан ҳам чиройлироқ қилиб ўтказишга ҳаракат қилишди. Очилиш маросимини ФИФА ҳакамлари билан бирга стадионда кузатдик. Мезбонлар стадионда Британия тарихини жонлантиришга ҳаракат килади. Бир муддатдан кейин декорациялар ер остига кириб кетиб, ўрнига бошқаси чиқиб келади. Жуда ҳайрон қоларли технология. Очилиш маросимида биз билан бирга ўтирган ҳакамлар ўз мамлакатлари чиқиб келганидан қўлларини кўтариб, олқишлаб қўйишди. Стадион узра “UZBEKISTAN” эълон қилинганида биз ҳам ўрнимиздан туриб, бақирдик. Стадионга кириб келган делегация байроғини илиб қўйишаётганди, негадир Ўзбекистонники кўринмасди. Ҳеч қидириб тополмай, ҳайрон бўлиб тургандим, бизда 3-4 ўриндиқ нарироқда ўтирган Баҳодир акам (Қўчқоров – О.Б.) кўриб қолди. Биз ўтирган жойдан Ўзбекистон байроғини устун тўсиб турган экан. Шундан кейин кўнглим таскин топди.

Буюк Британия аҳолиси мени бир жиҳат билан ҳайратга солди. Улар ҳақиқий футбол халқи экан. Футбол Британияда кашф қилингани сезилиб туради. Футболга ашаддий мухлис бўлмаган инсонни топиш қийин. Барча баравар қизиқади. Бир куни қизиқ воқеа бўлди. Ярим финалнинг Мексика – Япония ўйинини томоша қилиш учун метрода стадионга кетаётгандик. Қаршимда ўтирган 17-18 ёшли бола мени таниб қолди, шекилли, қайта-қайта қарайверди. Охири гапирди:
— Are you referee?
— Yes I’m referee, - дея жавоб бердим.
— Are you from Uzbekistan? Are you Ravshan Irmatov?
Шу тариқа у билан суҳбатлашиб кетдик. У ҳам Мексика – Япония ўйинини кўриш учун кетаётган экан. Кўзим унинг эски оёқ кийимига тушиб қолганини сезган ўсмир йигит: “Дадамдан янги крассовка учун пул олгандим. Бу пулга энди футболга кираман”, дейди у. Тасаввур қилинг, ўша куни Британия жамоаси ёки бўлмаса ҳатто Европа жамоаси ҳам ўйнамаяпти. Шунга қарамай, у янги оёқ кийим сотиб олмай, ўйинни стадионда кўришга интилаётгани мени таъсирлантирди. Ҳар бир ўйинни 70-80 минг стадионда кузатиб борди. Футбол муҳитлари жуда ажойиб бўлди.

Буюк Британия ва Сенегал ўртасидаги биринчи баҳсда ўйинга чиқиб келаётганимизда эса бутун стадион тик туриб қарсаклар билан кутиб олди. Буюк Британия давлат мадҳияси янграганида эса барча мухлислар бир овоздан жўр бўлиб куйлашди. Стадион колонкаларидан чиқаётган мадҳия овози эшитилмай ҳам қолди. Трубиналарга кўз югуртираман, мадҳия айтмаётган бирор кимса бормикан, дея. Аммо мадҳияга жўр бўлмаган бирорта одамни топа олмадим. Бунақа атмосферада футбол ўйнаш ҳам, ҳакамлик қилиш ҳам кишига завқ бағишлайди. Бу ҳолатдан ҳам жуда таъсирландим. Бу борада Англиядан кўп нарса ўргансак айрзийди.

Ҳақиқий мухлислар
Юқорида британиялик мухлислар ўз жамоаларини қандай қўллаб-қувватлашлари ва мадҳияни баралла куйлашлари ҳақида айтиб ўтдим. Яна бир ҳолат мени ҳайратлантирди. Буюк Британия олимпия терма жамоасига Сенегалга қарши ўйиннинг иккинчи бўлимида унчалик яхши ўйнай олмади. Натижада африкаликлар ҳисобни тенглаштиришди ва ўйин дуранг билан тугади. Лекин стадионга йиғилган бирорта мухлис футболчиларни сўкмади, уларга қарата бақирмади. Аксинча ўйин тугагандан кейин ишқибозларнинг барчаси ўз футболчиларини олқишлашди, ўйин учун миннатдорчилик билдиришди. Улар стадионга сув идишлари ёки бошқа буюмларни улоқтиришгани йўқ. Ваҳоланки, уларнинг қўлларида турли ичимликлар ва уларнинг идишлари бўлади. Улар ўйин пайтида бемалол стадион кафе-барларидан хоҳлаган нарсаларни олиб ейишлари, ичишлари мумкин. Мухлислик маданияти шу даражада юқорики, ишқибоз қўлидаги буюмни кимгадир улоқтириш ҳақида ўйламайди ҳам.

Демак, ўйлаб кўришимиз керак, ўзимиздаги стадионларга идишдаги сувларнинг олиб киришга рухсат берилмаслигида кимнинг “ҳиссаси” катта? Албатта, ўзимизнинг айбимиз билан шундай қоидани жорий қилишга мажбур бўлишган. Акс ҳолда иссиқ об-ҳавода сувсиз қолмаган бўлардик. Шундай эмасми?

Мухлисларимиз битта нарсани тўғри тушунишлари керак. Футбол ичидаги барча — мураббийлар, футболчилар, ҳакамлар бир мақсад йўлида меҳнат қилишади: мухлисларни чиройли ўйин билан хурсанд қилиш. Шу боис, қандайдир йўл қўйилган хатолар ёки мағлубиятлар учун уларни сўкиш, ҳақоратлаш ярамайди. Бугун мағлубиятга учраган бўлса, эртага албатта ғалаба қозонишади.

Финалдан кам бўлмаган 3-ўрин учун ўйин
Олимпиада финали ҳақида кўп савол беришяпти. Ярим финал ўйинларидан кейин мени финални бошқаришим ҳақида маълумотлар тарқалган экан, шекилли. Аслида чорак финалдан кейин ортга қайтишга тайёргарлик кўраётгандик. Боиси, ярим финалга 2та Осиё жамоаси чиқди ва буёғига ўйинларни бошқариш имкониятимиз жуда паст эди. Боз устига, Тошкентни, оилани соғингандик.

Ўзбек матбуотида эълон қилинганидек, ярим финалдан кейин Лондонда 2та эмас, 6та ҳакамлар гуруҳи қолганди. Ярим финал ўйинларидан кейин инглиз ҳаками Марк Клатенбург ёнимга келди ва: “Финални 100 фоиз сен бошқарасан. Мен эса финалда сенинг гуруҳингга захира ҳаками бўлишни истайман”, деди. Шунда мен финални бошқариш учун ҳар бир ҳакамда имконият борлигини айтдим. Финални эса айнан Клатенбург бошқарди.

Мени бронза медали учун баҳсга тайинлашганида Шамсул Майдин (у олимпиадада ҳакамлар инструктори бўлиб ишлади): “Хафа бўлма, буни биз эмас, Халқаро олимпия қўмитаси хоҳлади” деди. Мен эса унга: “Япония ва Жанубий Корея ўртасидаги баҳс шиддати финалдан кам бўлмайди”, дедим. Ўйиндан кейин Шамсул: “Тўғри айтган экансан”, деди.

Сингапурлик мутахассис ўша ўйиндаги бир ҳолатни ҳам эътироф этди. Ўйин сўнгида японияликларнинг барчаси, ҳаттоки дарвозабон ҳам Корея жарима майдончасига етиб келди. Бурчак тўпи амалга ошираётган футболчини чиқариб ташлаганда, жарима майдончаси ичида 21 нафар футболчи йиғилганди. Бурчак тўпидан кейин японлар гол уришди. Энди голни инобатга оламан деб тургандим, Абдуҳамид менга алоқа воситаси орқали “Равшан, фол, фол”, деди. Ўшанда япониялик футболчи Корея дарвозабонини итариб юборган эди. Футболчилар тўсиб тургани учун мен бу вазиятни кўра олмагандим. Ўйиндан кейин Шамсул Майдин шу вазиятни назарда тутиб: “Ҳакамлар бир жамоа бўлиб қандай ишлаш кераклигини кўрсатдинглар”, деди.

Буюк Британия ва Сенегал олимпия терма жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейин ОАВда мезбонлар дарвозага пенальти белгиламаганим ҳақида гапира бошлашди. ФИФА уларга чиройли жавоб қайтарди: “Англияда қандай футбол ўйналади? Сиз айтаётган ҳолат Британияда умуман қоида бузилиши ҳисобланмайди-ку!” Шундан кейин ҳамма жим бўлди. Аслида вазият қандай бўлганди? Британия ҳимоячиси тўпни тепиб юборганидан кейин Сенагал футболчиси сирпаниб бориб унга урилди. Тўп аллақачон бошқа томонга кетиб бўлганди.

Финални беришмаганидан асло хафа эмасман. Бизга қайси ўйинни ишониб топширишса, ўша ўйинни аъло даражада бошқаришга ҳаракат қиламиз. Масалан, бир неча йил аввал менга кимдир вақти келиб олимпиадада ишлашимни ва унда 3-ўрин учун баҳсни бошқариб боришимни айтганида, мен унга асло ишонмаган бўлардим. Олимпия ўйинларида 3та ҳакамлар гуруҳи 3тадан ўйинларни бошқариб боришди. Уларнинг орасида борлигимиздан ва Олимпиадада ишлашдек яна бир орзуим амалга ошганидан хурсандман.

Қоида бўйича ҳакамликми ёки ўйин муҳити бўйича ҳакамлик?
Халқаро ўйинлардан кейин ФИФА ҳар бир ўйин бўйича таҳлил ўтказади. Сўнгги йилларда шундай бўляптики, ФИФА ҳакамларга ўйинни фақатгина китобда ёзилганидек эмас, ўйин ҳолатидан келиб чиқиб бошқаришни тавсия қилмоқда. Яъни ўйиннинг томошабоплигига, шиддатига таъсир кўрсатмасликни талаб қилмоқда. Шундай ҳакамлар борки, ўйин қоидалари китобини ёддан билади. Аммо ўйиннинг ўзини, атмосферани ҳис қила олмайди. Футбол нимаси билан қизиқ? Жамоаларнинг қарама-қарши ҳужумлари билан, тўғрими? Ўйин пайтида бир футболчи сариқ карточкага тортадиган иккита қоида бузиши мумкин. Қоидага кўра, уни майдондан четлатиш керак. Аммо жамоалардан бири майдонда кам бўлиб қолсаю, ўйин шиддати ва қизиқарлилиги йўқолса, биринчи навбатда бундан мухлислар жабр чекишади.

Лондонда шундай ҳолат бўлди. Немис ҳаками бир ўйинчини майдондан четлатди. Қоида бўйича тўғри қарор қабул қилди у. Аммо ФИФА унинг қарорини ўйин атмосферасига кўра нотўғри деб топди. Боиси, шундан кейин ўйин бир дарвоза томонга бўлиб қолди. Ўйин “ўлди”.

Тўғри, рақибига атайлаб зарба бериш, жароҳат етказиш ниятида бўлган футболчига нисбатан кескин чора кўриш керак, унга қарши курашиш керак. Бундайларни умуман кечириб бўлмайди. Бошқа ҳолатларда эса албатта ўйиннинг боришини, атмосферасини ҳис қилган ҳолда қарор чиқариш лозим. Футболчини майдондан “ҳайдашдан” осони йўқ. Аммо ҳамма ҳам ўйинни тўлиқ таркибда якунлай олмайди.

Яхши биламизки, Англия Премьер-лигаси ўйинлари анча шиддатли ва ҳиссиётларга бой ўтади. Футболчилар жуда кескин контактга киришишади, аммо йиқилган футболчини рақиби келиб ўрнидан турғизади ва узр сўраб қўяди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳурмат йўқолмайди. Аслида, ҳиссиёт бўлмаган футболни тушунмайман. Футбол бошқа спорт турларидан ҳиссиёти билан фарқланади. Майдонга чиққанидан кейин футболчи охиригача курашиши, жонини жабборга бериб ўйнаши лозим. Майдонни эмаклаб тарк этса ҳам, борини майдонда қолдиши лозим. Ана шунда мухлислар футболни мароқ билан томоша қилишади. Ишқибозлар нима учун “Реал” ва “Барселона” ўртасидаги ўйинларни маза қилиб томоша қилишади? Боиси, айнан мана шу тўқнашувда эмоциялар энг юқори чўққига чиқади.

Келажак стадиони
“Бунёдкор” стадионини кўрдим. Очиғини айтиш лозим, шу пайтгача 50дан ошиқ давлатларнинг марказий стадионларида ҳакамлик қилган бўлсам, ҳали бунақа инфратузилмага эга бўлган спорт комплексини кўрмагандим. Бу мажмуа шунчаки ўзимизники бўлгани учун айтмаяпман бу гапни. Ажойиб стадиондан ташқари, футбол академиясининг ўзи, 7та машғулот майдонлари, сузиш ҳавзаси шу ерда жойлашган. Қисқа қилиб айтганда, ҳақиқий футбол шаҳарчаси.

Стадион прожекторлари қуввати эса 3200 люксга тенг. Кундузи қандай ёруғ бўлса, кечаси ҳам шундай ёруғликда футбол ўйналади. Боз устига, бу прожекторларда футболчининг сояси бўлмайди. Стадионга 2та таблонинг ўрнатилгани эса шуниси билан қулайки, трибунанинг қайси томонида ўтиришидан қатъи назар барча мухлислар ўйиннинг энг қизиқарли вазиятлари ва голлари видеотакрорларини бемалол кўришлари мумкин.

Стадионнинг трибуналар қисми том билан тўлиқ ёпилганини айтмайсизми? Ёмғир ёғаётганда ҳам мухлислар хотиржам футбол томоша қила олишади. Ҳатттоки “Футбол театри” номини олган “Олд Траффорд”да ҳам трибуналарнинг ярми ёпилган. Тўлиқ эмас.

Кийиниш хоналари ҳам кенг ва замонавий қилиб яратилган. Ҳавас қилса арзигулик. Британиядаги стадионларда ҳаттоки кийиниш ва ҳакамлар хоналари жуда тор қилиб қурилган. “Бунёдкор” стадионида 4та кийиниш хонасининг мавжудлиги ҳар қандай халқаро мусобақаларни ўтказиш имконини беради. Бир сўз билан айтганда, бу бугуннинг стадиони эмас, эртанги кун стадиони. Дунёнинг энг яхши стадионларида ўўйинларини бошқарганимда, “қанийди, бизда ҳам мана шундай стадионлар барпо этилса”, деб орзу қилардим. Мана шундай стадионда футболчилар ўйнашмаса, яна қандай стадионларда ўйнаш мумкин?! Фақат ўйнаш керак, холос. “Бунёдкор” стадионининг қуриб битказилиши орқали миллионлаб ўзбек футболи мухлисларининг орзуси ушалди, десам бўлади. Буларнинг барчасини кўриб жудаям таъсирландим.

Терма жамоа
Терма жамоамиз 11 сентябрь куни Жанубий Кореяни қабул қилади. Ўйин нисбатан каттароқ бўлган “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтади. Ишончим комил, стадион мухлислар билан тўлиб-тошади. Уларнинг қўллаб-қувватлаши термамизга ҳар доимгидан ҳам зарур. Ишқибозларнинг далдасини футболчилар ҳам яхши ҳис қилишади.

Бугунги кунда Ўзбекистон терма жамоасининг энг кучли чизиғи – ярим ҳимоя. Гарчи Кореяга қарши ўйинда Одил Аҳмедов ва Азиз Ҳайдаров ёрдам бера олишмасада, уларнинг ўрнини босадиган футболчилар етарли. Бу чизиқда Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Лутфулла Тўраев бор. Луфтулла жуда иқтидорли футболчиларимиздан бири. Агар у майдонда ҳакамлар ва рақиб футболчилари билан камроқ тортишса, бор эътиборини фақат ўйинга қаратса, унга етадиган футболчи бўлмайди. Шунингдек, олимпия терма жамоамизда ўйнаган ярим ҳимоячилар ҳам миллий терма жамоамиз шарафини ҳимоя қила олишади. Терма жамоамиз ҳозирги кунда энг кучга тўлган пайти. Гуруҳдаги рақиблардан асло кучсиз эмасмиз. Футболчилар жон-жаҳдлари билан ўйнаса, мухлислар уларни қўллаб-қувватлаб турса, азалий орзумизни амалга оширишимиз мумкин. Шундай кунларни кўриш барчамизга насиб қилсин.

Олимхўжа Бўронов суҳбатлашди.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 17:00, 09.09.2012.
Ўқилди: 6620 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.