Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Шоҳруз Норхонов: «Бундай муҳитда гол уриш - ёқимли»

Баҳо:
+ | -1

Кутилмаган натижалар билан старт олган Суперлиганинг 1-тури 90 фоиз меҳмон жамоаларга аталди.

Оддий айтганда, чемпионатнинг илк ўйинини ўз майдонида ўтказган клублар орасида биргина «Навбаҳор» ғалабага эришди. Ҳаттоки, «Пахтакор» ва «Насаф» каби чемпионликка даъвогар жамоалар ҳам ўз майдонидаги мағлубият билан стартга чиқди. Махсус мухбиримиз 2-тур ўйинларидан олдин «Навбаҳор» - «Қизилқум» ўйинида «лочинлар» сафидаги расмий дебютини гол билан безаган Шоҳруз Норхоновни суҳбатга тортди.

- «Навбаҳор» ишончли ғалаба билан 5 мавсумга чўзилган нохуш анъанасига чек қўйди. Яъни 2017 йилдан буён чемпионатни илк марта ғалаба билан бошлади. Сиз эса янги жамоадаги расмий дебютдаёқ гол муаллифига айландингиз. Таассуротлар қандай?

- Аввало, барча мухлисларни янги футбол мавсуми старти билан табриклайман. Таассуротларга келсак, даст­лабки учрашув бўлгани учунми, йигитларда бироз ҳаяжон сезилди. Муҳими, бу уюш­қоқлик билан ҳаракатланиб, чиройли ғалабани тантана қилишимизга халақит бергани йўқ. Ўз ўрнида бутун ўйин давомида бизни ажойиб ҳолатда чинакамига қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга миннатдорчилик билдиришим керак. Ўзи бундай қайноқ муҳитда гол уриш ҳамиша икки ҳисса ёқимли. Шундай жонкуяр мухлислар, трибуналардаги кўтаринки кайфият футболчиларни доимо олдинга ундайди, албатта.

- Аслида «Навбаҳор» мухлислари ҳар мавсум айниқса, дастлабки тур ўйинларида ўзига хос ажиотаж ҳосил қилишга одатланишган. Бу гал ҳам «Марказий»да ўзгача аншлаг кузатилишига ҳеч кимда шубҳа йўқ эди. Аммо «Қизилқум» билан баҳсда негадир мухлислар ташрифи бироз кам бўлди. Бу ҳолат футболчиларни бироз ҳайрон қолдиргандир... 

- Биламан, «Навбаҳор» мухлислар армияси ҳамиша ажралиб турган, суюкли жамоасини ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаган ҳатто сафар ўйинларида ҳам. 1-турдаёқ Наманганда жамоани нақадар севишларига яна бир бора иқрор бўлдим. Ҳа, эҳтимол, трибуналар ўтган йилларда кузатилганидек мухлислар билан тўлиб-тошмагандир, аммо муҳит зўр бўлди, барибир. Қолаверса, мухлислар камчилик ҳам эмасдилар. Ҳар ҳолда, 1-тур ўйинларига қарасак, энг кўп мухлис айнан Наманганда қайд этилди одатдагидек. Агар ўз ўйинимизни кўрсатиб, ижобий натижаларга эришсак, ўйлайманки, мухлислар ташрифи ҳали янада кўпая­ди. Бунга заррача шубҳам йўқ. Фақат тезроқ мухлисларга ёқадиган чиройли ва ҳужумкор футболни йўлга қўйиб олсак, бас.

- Наманганлик мухлисларнинг қай даражада талабчан эканликлари ҳам маълум. Улар жорий мавсум хусусан, сиздан ҳам катта ишлар кутишаётгани аниқ. Айтингчи, дебют ўйинидаёқ жамоадаги голларингиз ҳисобини очиб олганингиз мавжуд босимни бироз енгиллаштирдими?

- Тўғрисини айтаман, ўйиндан олдин қандайдир даҳшатли босимни ҳис қилганим йўқ. Чунки майдонда ҳамиша ўз зиммамга юкланган ишни сид­қидилдан бажаришга интиламан, бунда четдаги муносабат ва гап-сўзларга эътибор қаратмасликни маъқул кўраман. Акс ҳолда, руҳий мувозанатни йўқотиб қўйиш ҳеч гап эмас. Футболчи мухлислар далдасидан фақат қўшимча куч олиши керак, бунинг учун эса атрофдаги гап-сўзларга чал­ғиб қолмасангиз, бас.

- «Навбаҳор» сафига «Сўғдиёнада»ги узоқ йиллик самарали фаолиятдан кейин қўшилдингиз. Демакки, Наманганда сиздан тинмай гол уришни сўрашади. Хўш, бунга тайёрмисиз, янги жамоага кўникиш қийин кечмаяптими?

- Ҳаммаси жойида. Биринчидан, жамоа таркибида мен билан бирга тўп сурган бир қатор йигитлар бор. Қолган футболчиларни ҳам озми-кўп биламан. Қисқаси, жамоага киришиб кетишда қандайдир муаммо сезилгани йўқ. Қолаверса, профессионал футболчи ҳар қандай шароитда ҳам ўз сўзини айта олиши шарт.

- Бир неча мавсумдан буён ўз олдига энг юқори вазифаларни қўйиб келаётган «Навбаҳор»да кўп ҳолларда ҳужум чизиғи масаласида сезиларли муаммолар кўзга ташланган. Бу йил жамоа таркибига футболимизнинг элит ҳужумчилари қўшилдилар. Агар барчаси кўнгилдагидек кечса, Норхонов Наманганда қанча муддат ўйнамоқчи? Демоқчимизки, режаларингиз қандай?

- Футбол - кутилмаган ҳодисалар ва бурилишларга бой спорт тури. Шундай экан, ҳозирдан бу борада дангал гапириш ёки олдиндан ниманидир ваъда бериш қийин. Муҳими, қаерда бўлсам ҳам, жамоам учун бор кучимни сарфлашга одатланганман. Мана, «Навбаҳор» либосида майдонга тушиш насиб этган экан, шу ердаман. Жамоада қанча муддат қолишим эса вақт ҳукмидаги масала. Ҳаммаси насибадан. Жамоа сафига эндигина қўшилдим ва ўйлайманки, ҳаммаси ҳали олдинда. Худо хоҳласа, катта ғалабаларни наманганликлар билан бирга нишонлаймиз.

- «Сўғдиёна»дан воз кечиш ва  Наманган сари йўл қандай бошланди? Жиззах клубидан кетишингиз сабабини айта оласизми?

- «Навбаҳор» ўтган мавсумдаёқ аниқ таклиф билан чиққан, аммо трансфер амалга ошмай қолганди. Албатта, «Сўғдиёна»дан кетишим осон бўлгани йўқ. Ахир бу жамоа билан катта йўлни босиб ўтдим. Муҳими, клуб раҳбарларига кетиш ҳақидаги қароримни айтганимда, улар тўғри тушунишди ва дўстона хайрлашдик.

- Улуғбек Бақоев «Сўғдиёна»ни курашувчан ҳолатга келтирди, аммо жамоа ўтган мавсум охирларида ўзига ўхшамай қолди...

- Тўғри, Улуғбек ака «Сўғдиё­на» ўртамиёналар сафидан чиқиб, етакчилар қаторига қўшилишини таъминлади. Бироқ ўтган йили 3та фронтдаги кескин кураш футболчиларни бироз толиқтирди, чоғи. Яъни тиғиз тақвим ўйинларга етарли даражада тайёрланиш имконини бермади. Боз устига, кўп ҳолларда жамоага омад ҳам етишмади. Шунга қарамай, ўтган мавсумдаги ўйинларимизга ижобий баҳо бериш мумкин, менимча.

- Суперлига стартиёқ бир нечта кутилмаган натижалар тақдим этди. Жорий чемпионатдан нималар кутяпсиз?

- Назаримда, бу йил чемпио­нат янада қизиқарли кечади, кутилмаган натижалар ҳали кўп учрайди. Зеро, Суперлигада оддий жамоанинг ўзи қолмади.

- Ўзбекистон чемпионатида голеадор ҳужумчилар сирасига кирасиз. Бироқ ҳали-ҳануз миллий жамоа эътиборидан четда қоляпсиз. Бу борада қандай фикр­дасиз?

- Очиғи, нима дейишга ҳам ҳайронман. Мураббий ўзи шакллантираётган жамоада мени кўрмаётган экан, нима ҳам дердим? Агар хизматимга эҳтиёж сезса,  ҳамиша тайёрман.

- «Навбаҳор» асосан ягона ҳужумчи тактикасига тая­нади. Таркибда эса тажрибали Темурхўжа Абдухолиқов ҳам бор. У билан тандем сифатида ўйнаш вариантига қандай қарайсиз?

- Албатта, жуфтликда ўйнасак, зўр бўларди.

- Сўнгги йиллар Суперлига бош тўпурари мақомини бировга бермаётган Драган Черанни тахтдан тушириш вақти келмадимикан?

- Шахсан мен бунга тайёрман. Албатта, Черан ўз ишининг устаси, тажрибали ҳужумчи. Лекин ўйлайманки, бугун чемпионатимизда унга чинакам рақобат тақдим этишга қодир маҳаллий ҳужумчилар бор. 

Хуршид ЮСУПОВ суҳбатлашди

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 08:28, 15.03.2023.
Ўқилди: 2203 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.