Европа чемпионлар лигаси нимчорак финал босқичи ўйинларига якунига етиб, чорак финалга чиққан барча жамоалари номи аниқ бўлди. Энди навбат чорак финал, ярим финал ва финал учун қуръа ташлаш маросимига.
Қачон ва қаерда?
Қуръа ташлаш маросими 17 март, жума куни Тошкент вақти билан 16:00да УЕФА қароргоҳи жойлашган Швейцариянинг Ньон шаҳрида бўлиб ўтади. Маросим "Спорт" телеканали орқали жонли трансляция қилинади.
Иштирокчи-жамоалар
ЕЧЛнинг чорак финалига қуйидаги 8 жамоа чиқди:
"Бавария" (Германия)
"Бенфика" (Португалия)
"Интер" (Италия)
"Манчестер Сити" (Англия)
"Милан" (Италия)
"Наполи" (Италия)
"Реал" (Испания)
"Челси" (Англия)
Қуръа механизми
Қуръа "кўр-кўрона" тарзда ўтказилади. Жамоалар саватчаларга ажратилмайди. Ҳеч қандай чекловлар йўқ. Бир мамлакат вакиллари ҳамда бир гуруҳда иштирок этган жамоалар ўзаро тўқнаш келишлари мумкин. Қуръада биринчи тортилган жамоа иккинчи клуб билан тўқнаш келади; учинчи жамоа тўртинчи жамоа билан ва ҳоказо. Қуръада биринчи тортилган клуб чорак финалнинг дастлабки ўйинини ўз майдонида ўтказади.
Ярим финал қуръаси
Мусобақанинг ярим финалига қуръа ташлаш маросими ҳам шу куннинг ўзида ўтказилади. Финалда эса номинал мезбонни аниқлаш учун қуръа ташланади.
Меҳмондаги гол қоидаси
Еврокубокларда меҳмондаги гол қоидаси мавсум-2021/22дан бошлаб бекор қилинган. Агар икки ўйин натижасига кўра ҳисоб тенг бўлса, қўшимча бўлимлар белгиланади. Унда ҳам ғолиб аниқланмаса, пенальтилар тепилади.
Тақвим
Чорак финал ўйинлари 11-12 апрель ҳамда 18-19 апрель кунлари ўтказилади. Ярим финал эса 9-10 май ва 16-17 май саналарига белгиланган. Финал 10 июнь куни бўлиб ўтади.