Испания футбол федерацияси (RFEF) “Барселона”нинг коррупцияга боғлиқ ишига аралашадиган бўлди.
Аввалроқ Барселона прокуратураси Ҳакамлар қўмитаси собиқ вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейрага ноқонуний тўловлар амалга оширганликда гумонланган “Барселона”нинг собиқ президентлари Хосеп Бартомеу ва Сандро Росселга нисбатан иш очганди.
“Суд прокуратуранинг “Барселона” томонидан Хосе Мария Энрикес Негрейрага тўловлар амалга оширганлиги ҳақидаги айбловини кўриб чиқишини эълон қилиши билан Испания футбол федерацияси мазкур ишга қўшилди.
Гарчи бошқа бошқарув жамоаси вақтида рўй берган бўлса-да, RFEF бошиданоқ ушбу вазиятни тергов қилишда керакли органлар билан ҳамкорлик қилмоқда. УЕФА ҳам RFEF'нинг мазкур жараёнда иштирок этишидан хабардор қилинган. Ўз навбатида юқорида қайд этилган ҳисобот Олий сопрт кенгашига тақдим этилган, нусхаси эса “Барселона” ва Ҳакамлар қўмитасига берилган.
Яна бир бор RFEF бу масаланинг очиқланиши тарафдори эканини қайд этиш керак. Биз ҳолат ҳақида маълум бўлиши билан ички суриштирувни бошлаганмиз. Федерация исталган вақтда ҳамкорлик қилишга тайёр. Биз иш охиригача олиб борилишини хоҳлаймиз ва барчадан хотиржамликни сақлашни сўраймиз, бу орқали ҳакамларга нисбатан кескинликларни бироз камайтиришимиз мумкин. Бу футбол учун фойдали эмас. Адолат вақт ва исбот талаб қилади.
RFEF Ҳакамлар қўмитаси атрофида бирлашган ҳакамларга миннатдорчилик билдиради. Раҳмат сизларга”, — дейилади баёнотда.
“Негрейра иши” юзага чиққач аввалига “Эспаньол” бу борада ўз эътирозини билдирди. Ортидан “Атлетико” ва Ла Лиганинг бошқа клублари (“Реал”дан ташқари) бу норозиликларга қўшилди. Кейинроқ Мадрид жамоаси бу борада ўз муносабатини билдирди ва “Негрейра иши” бўйича судда иштирок этишини маълум қилди.
Қайд этиш керак, Испания футбол федерацияси нима сабабдан узоқ вақт давомида бу ишга аралашмаётгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.