Ки Сун Юнг («Суонси Сити») ва Ли Чун Юнг («Болтон»)ни Жанубий Кореяда «Терма жамоанинг игна ва ипи» деб аташади. Улар терма жамоа сафида бир-бирларини тез тушунишади. Терма жамоа Ўзбекистондан уйга қайтаркан, Жанубий Кореянинг «Спортс Донг-а» нашри мухбири Тошкент халқаро аеропортида бу иккала футболчидан қисқача интервью олди.
— Ли Чун Юнг 1 йилу 3 ойлик танаффусдан сўнг яна терма жамоага қайтди. Сиз унинг муҳитга мослашишига ёрдам бергандирсиз?
Ки Сун Юнг: — Йўқ. У профессионал ва қандай ишлашни билади. Ҳозир терма жамоамизда муҳит ажойиб ва мен алоҳида тушунтириш беришим шарт бўлган нарсанинг ўзи йўқ. Бош мураббийимизнинг ҳам ундан умиди катта.
— Иккингизни ака-укага ўхшатишади…
Ки Сун Юнг: — Муносабатларимиз аъло. Лондон олимпиадасида Ли Чун Юнг терма жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун ҳар куни ёнимизга келарди.
— 2008 йили Ўзбекистон билан ўртоқлик ўйинида Ли Чун Юнгнинг ажойиб пасидан кейин Ки Сун Юнг ажойиб гол урганди. Бу сафар бундай ҳолатни кўрмадик...
Ки Сун Юнг: — Ҳа, бунгаям 4 йил бўлди. Ростини айтсам, олимпиада тугагач янги жамоа сафига қўшилиш билан боғлиқ ишлар руҳан чарчатган эди. Ли Чун Юнг ҳам узоқ вақт терма жамоада ўйнамаганлиги туфайли бир-биримизни тушунишимиз сал қийинроқ бўлди. Тайёргарлик ҳам жуда қисқа даврда амалга оширилди. Корейсларда «Биринчи косага қорин тўймас», деган мақол борку. Бундан кейинги ўйинларда ҳаммаси яхши бўлади, деган умиддаман.
— Октябрда терма жамоа Эрон синовидан ўтади. Бунинг устига сафарда. Шу ҳақда нима дея оласиз?
Ли Чун Юнг: — Яхши бўлишига ишонишингизни истардим. Яна шуни айтишни хоҳлайманки, Эрон сафари Ўзбекистон сафаридан оғир бўлса бўлади-ки, енгил бўлмайди, деб ўйлайман. Тайёргарликни кучайтириш зарур.
— Ки Сун Юнг, билишимизча, бу автогол ҳаётингизда биринчиси-а?
Ки Сун Юнг: — Ҳа. Футболчилик фаолиятимдаги биринчиси. Бир сонияда келган тўпни назорат қилиш... Афсус... Нима бўлганда ҳам ортимда рақиб футболчиси турганди. Мендан ўтиб кетган тақдирда ҳам гол хавфи бор эди. Барибир афсусдаман. Шу гол туфайли жамоамиз анчагина тер тўкишга мажбур бўлди. Бу менга катта сабоқ бўлди.
Ли Чун Юнг: — Мен даставвал Сун Юнг урганлигини сезмабман.
— Танаффус пайтида Ки Сун Юнгга роса дакки бергандирсизлар?
Ли Чун Юнг: — Футболчилар орасида бундай нарса йўқ. У ўзи хоҳлаб автогол ургани йўқ-ку.
— Ки Сун Юнг Англия премьер-лигасига кўчиб ўтди. Унга нима маслаҳат бердингиз?
Ли Чун Юнг: — Менимча, Шотландия чемпионати ҳам премьер-лигадан қолишмасди. Сун Юнг эплай олади, деб ўйлайман. Табриклайман, деган сўздан бошқа сўз тилимга келмаяпти. Мен ҳозир жамоам билан Англия чемпионшипидаман. Тезроқ премиер-лигага қайтиб жамоавий тўқнашувимизни кутяпман.
— Англиядаги легионерлар тез-тез учрашиб турасизларми?
Ки Сун Юнг: — Вақт тиғизлиги ва узоқ масофа бунга йўл қўймайди. Аммо қишки танаффусда кўришиб турамиз.
— Суонси қандай жой? Ўрганиб қолдингизми?
Ки Сун Юнг: — Қишлоқ деса ҳам бўлади. Тинч ва машғулот ўтказиш қулай (кулади).
Отабек Йўлдошев, Жанубий Корея, Сеул