2012 йилнинг 22-23 сентябрь кунлари пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» спорт саройида дзюдо кураши бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Жаҳон кубоги беллашувлари бўлиб ўтади.
Мазкур нуфузли мусобақа мамлакатимизда учинчи бор ўтказилаётган бўлиб, бу йилги беллашувларда Ўзбекистон, Япония, АҚШ, Канада, Белъгия, Исроил, Россия, Беларус, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистондан 170 нафар спортчилар (106 нафар эркаклар, 64 нафар аёллар) ғолиблик учун татамида бел олишадилар.
Юртимиз дзюдо усталари эркаклар ва аёллар ўртасидаги мусобақаларда барча вазн тоифаларида баҳсларга киришадилар. Терма жамоа мураббийларининг маълумотларига кўра, Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган полвонлар орасидан ёш спортчилар ҳам ўрин эгаллашган. Уларнинг аксарияти жорий йилнинг 28-30 сентябр кунлари Хитой Тайпейи давлатида ўтказиладиган навбатдаги Осиё чемпионатидан сўнг, асосий таркибга ўтказилади.
Терма жамоанинг асосий таркиби шу йил 11-13 октябрь кунлари Абу-Даби (БАА) шаҳрида ўтказиладиган Гран-При туркумига кирувчи йирик халқаро турнир ҳамда куз ойларида Бразилияда бўлиб ўтадиган жамоавий жаҳон чемпионати баҳсларига қизғин хозирлик кўрмоқда.
Дзюдо спорт турига оид яна бир хушхабар. Халқаро дзюдо федераcиясининг қарорига кўра 2013 йилда Тошкентда дзюдо бўйича Гран-При туркумига кирувчи йирик халқаро турнирлардан бири ўтказиладиган бўлди. Ўзбекистонда спортнинг ушбу турини йил сайин тараққий этиб бораётганлиги, юртимизда дзюдо кураши бўйича нуфузли мусобақаларни юқори савияда ташкил этилганлиги ҳамда мамлакатимиз полвонларининг халқаро майдонларда қўлга киритаётган муваффақиятлари Гран-При туркумига кирувчи турнирлардан бирини Тошкент шаҳрида ўтказилишига замин яратди.
Шавкат Жалилов
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати