Балки ёзда у ўз клубини тарк этиши керакдир.
Ансу Фати испан футболига ёрқин тарзда кириб келди: у кўплаб рекордларни ўрнатди ва "Барселона" мухлисларини қувонтирди. 2020 йил охирида истеъдодли форвард жиддий жароҳат олди ва ўшандан бери аввалги даражасига қайта олмади. Бу мавсумда иқтидорли футболчи билан нима содир бўлмоқда?
17 ёшида Фати ўнлаб рекордларни янгилашга улгурди ва ўзини замонавий футболдаги энг истиқболли ўйинчилардан бири сифатида кўрсатди.
2019/2020 йилги мавсумда у тарихга қуйидагича кирган:
чемпионлар лигасидаги энг ёш гол муаллифи;
Камп Ноудаги энг ёш тўпурар;
"Барселона"нинг энг ёш гол муаллифи;
Классикодаги энг ёш гол муаллифи;
Испания терма жамоасидаги энг ёш гол муаллифи;
Ла Лигадаги энг ёш гол муаллифи.
Иқтидорли футболчининг келажаги порлоқ бўлишини башорат қилишган эди, аммо 2020 йилнинг кузида у "Бетис" билан ўйинда жиддий жароҳат олди. Ўшанда Фати мавсумда 10 та ўйин ўтказиб, 5 та гол урган ва 4 та голли узатмани амалга оширган эди. Жароҳатдан кейин Ансунинг ҳаёти ҳақиқий синовга айланди. Футболчи операция қилинди, бироқ кейинчалик яна қўшимча жарроҳлик амалиёти талаб этилди. Фати бир йилга яқин ўйинларни ўтказиб юборди ва майдонга қайтганидан сўнг мушакларидан жароҳат олди ва яна бир неча ой давомида майдон ташқарисида қолди.
2022 йилнинг бошида Фати янги жароҳат олди. Ўша пайтда футболчи операция ўтказмасликка қарор қилди. Клуб шифокорлари жарроҳлик амалиётини тавсия этишди, аммо Фати консерватив давони танлади. Аслида консерватив даволаш операциядан кўра тезроқ бўлиши керак эди, аммо барчаси тескари ривожланди. У узоқроқ вақтни жароҳатда ўтказди.
"Барса" вакиллари футболчига аввалги формасига қайтиш учун қўшимча машғулотлар ўтказишни тавсия қилишди. Февраль ойидан бери Фати ҳафтасига икки марта спорт залига бориб, жисмоний машқлар билан шуғулланади. Асосий вазифа - олдинги формара қайтиш ва янги жароҳатлардан ҳимояланиш.
Ҳужумчи учун бундай машқлар жуда муҳимдир. Масалан Марк-Андре тер Штеген тиззаси билан боғлиқ муаммолардан сўнг шундай машқлар туфайли муносиб даражага қайтди.
Фати ҳозирда "Барселона" ҳужумчилари орасида ўйин амалиётига эга бўлиш борасида 5-ўринда бормоқда. Жорий мавсумда Ансу майдонда 1339 дақиқа ўтказди (охирги икки ўйинда атиги саккиз дақиқа). Бошқа ҳужумчиларда эса қуйидаги рақамлар бор: Роберт Левандовски - 2784 дақиқа, Рафинья - 2130, Усмон Дембеле - 1862, Ферран Торрес - 1471.
Кам ўйин амалиёти сабаб Фати мавсум охирида кетиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар эшитилмоқда. Ансу Дембеле жароҳат олган бўлса ҳам, асосий ўйинчилар қаторидан жой ололмаяпти. "Барселона" вакиллари икки тарафга бўлинган: кимдир Фатини сотмоқчи, бошқалар эса ижара вариантини афзал кўради. Табиийки, футболчининг трансфер қиймати анча тушиб кетган. Уч йил аввал у 80 миллион еврога баҳоланган бўлса, ҳозир 35 миллион еврога нарх тушган.
Хавининг фикрича, Фати ўсишга ва ривожланишга қодир, аммо мавсумнинг муҳим қисмида у бошқа ўйинчиларни афзал кўради. Ансунинг ўзи ҳам "Барселона"да қолишни истайди, бу ҳақда у бир неча бор таъкидлаган. Футболчи 10 ёшида кўчиб ўтган Каталония клубида муваффақият қозонишни кутмоқда. Гарчи Примеранинг сўнгги тўққизта ўйинида Фати бор-йўғи икки марта майдонга тушди ва бирор марта ҳам тўлиқ 90 дақиқа ўйин ўтказмади.
Фати 5 ойдан бери чемпионатда гол ура олмаяпти - у охирги голини 2022 йилнинг октябрида киритган. 2023 йилда Ансу уч марта гол урди: икки марта Испания кубогида ва бир марта Суперкубокда.
Испания терма жамоасининг янги бош мураббийи Луис де ла Фуэнте жамоа таркибига футболчини киритмагани ҳам ажабланарли ҳолат эмас.
Футболчининг агенти Жорже Мендеш аллақачон бозорни ўрганмоқда ва турли вариантлар устида ишламоқда. Mundo Deportivo хабарига кўра, у "Барселона"нинг молиявий талабларини қондира оладиган Премьер-лиганинг баъзи клублари билан музокаралар олиб борган.
AS хабарига кўра, "Барса" бу ёзда тўрт нафар футболчи билан хайрлашиши мумкин: ҳимоячи, ярим ҳимоячи ва иккита ҳужумчи. Рўйхатга Фати киритилган. Бир томондан унинг озми-кўпми муносиб пулга сотилиши клубнинг молиявий аҳволини яхшилайди. Бошқа томондан, футболчининг ёши (20 ёш) ва янги ҳужумчи топиш қийинлигини ҳисобга олсак, бу клубнинг зарарига ишлаши мумкин.
Хави бир ой олдин Фатини сотилмаслигини айтган эди: “Фати сотилмайди. Айни пайтда сотилиши мумкин бўлган ҳеч ким йўқ. Нима учун трансферлар ва Ансуни сотиш ҳақида гапираётганимизни тушунмаяпман, айниқса трансфер бозори ёпилганидан кейин. У биз учун асосий футболчи. Ундан умидларим катта. У ҳозир ва келажак футболчиси. У сабрли бўлиши керак."
Жароҳатлардан чарчаган бўлса-да, Фати энг яхши жисмоний ҳолатда эмас, бу унинг ўйин вақтига таъсир қилади. Испаниялик журналистлар барча томонлар учун энг яхши ечимни топа оладиган битта одам борлигига ишончлари комил. Ва унинг исми Жорже Мендеш.