Тўпчилар айни дамда Англия Премьер-лигасида етакчилик қилмоқда. Жамоа сўнгги икки ўн йилликда илк бор чемпион бўлишга яқин турибди. Микель Артета жамоаси иккинчи ўриндаги "Манчестер Сити"дан 8 очко олдинда бормоқда. Мана шундай қулай вазиятда турган жамоанинг айрим футболчилари келажакларидан хавотир олиши керак. Чунки бу мавсум уларнинг "Арсенал"даги сўнгги даври бўлиши мумкин. Қуйида ана шундай футболчиларнинг айримлари ҳақида сўз боради.
Киран Тирни (қанот ҳимоячиси)
Шотландия терма жамоаси аъзоси Зинченко ортида жуда ҳам яхши ҳаракат қила олади. Аммо Тирни асосий таркибга киришни истайди. Бу учун эса Зинченко билан рақобатлашиш керак. Бундай вазиятда Тирнига осон бўлмайди. Айрим хабарларда 26 ёшли футболчининг ёзда "Ньюкасл"га йўл олиши айтилмоқда. Агарда мавсумнинг охирига қадар у ўз ўрнини топа олмаса, бу гап ҳақиқатга айланади.
Роб Холдинг (марказий ҳимоячи)
Инглиз ҳимоячисида ўзини кўрсатиш учун жуда яхши имконият мавжуд. Негаки, асосий таркиб вакили бўлган Вильям Салиба жароҳат сабабли бир неча ҳафта майдонга туша олмаслиги маълум бўлди. Холдинг эса шундай пайтда жамоага фойда олиб келиши мумкин. У "Кристал Пэлас" билан баҳсда буни исботлади. Мавсум охирига қадар Холдинг, ўзининг "Арсенал"да қолишга лойиқ эканини исботлаши керак.
Рейс Нелсон ( қанот ҳужумчиси)
Лондонлик ҳужумчи жароҳатлар сабабли мавсумни жуда ҳам беқарор ўтказди. Бироқ, керак бўлганда Нелсоннинг жамоага фойдаси ҳам тегмоқда. Масалан, Нелсон бу мавсумда бор-йўғи 4 та АПЛ баҳсида майдонга тушган бўлса ҳам, 3 та гол ва 3 та ассистга муаллифлик қилди. 23 ёшли ҳужумчининг амалдаги битими мавсум охирида якун топади. У учун харидор чиққани йўқ. Аммо "Арсенал"га унинг келажакда фойдаси тегиши мумкин.
Эмиль Смит-Роу
Эмиль жароҳат сабабли майдонга туша олмади. Бу мавсум деярли у учун бесамар кетди. Смит-Роу 8 та АПЛ баҳсида қатнашган бўлиб, 1 та ассистни амалга оширди. Англия терма жамоаси аъзосида ўзини нималарга қодир эканини яна бир бор кўрсатиш учун олдинда 10 та ўйин бор.
Жоржиньо (таянч ярим ҳимоячи)
Гарчанд жамоага январ ойида олиб келинган бўлса ҳам, Жоржиньо жамоада катта рақобатга дуч келди. Италия терма жамоаси аъзоси январда Мойсес Кайседо ўрнига олиб келинганди. Асосий таркиб Жака ва Парти билан тўлдирилган. Ёзда эса "Арсенал" Деклан Райс ва Кайседо учун яна курашга киради. Бундай вазиятда Жоржиньога осон бўлмаслиги аниқ.
Эдди Нкетиа (марказий ҳужумчи)
Ўтган йили Габриэл Жезуснинг олиб келиниши, Нкетианинг клубдаги вақти тугаганини англатгандек туюлганди. Аммо у керакли вақтда ёрдамга тайёр эканини кўрсата олди. У "Арсенал"га зарур голларни тақдим этганди. Бироқ, ҳозир ҳаммаси ўзгарди. Жезус жамоага қайтди. Троссард ҳам тайёр турган бир пайтда, Нкетиа яна четга чиқиб қолмоқда. Жамоада муқим қолиш учун 23 ёшли ҳужумчи мавсумнинг қолган қисмида яна порлаши керак.
ИСМАТОВ Ж.