Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жидда шаҳрида Венесуэлага қарши ўртоқлик учрашувини ўтказиб, жанговар дурангга имзо чекди.
Учрашувнинг 6-дақиқасида Лотин Америкаси вакиллари ҳисобни очишди. Ўнг қанотдан уюштирилган ҳужумни Алехандро Гонсалес самарали якунлади.
Шундан сўнг майдонда тенг кураш кечди, ўйин темпи юқори бўлди ва жамоалар вазиятлар яратишди. Таймга қўшиб берилган 2 дақиқа якунланаётган пайтда ҳакам Венесуэла дарвозаси томон пенальти белгилади. Боиси, ҳимоячи ўз жарима майдончаси ичида Шомуродовни тортиб йиқитди.
Пенальти тепиш масъулиятини Машарипов ўз зиммасига олди. Жалолиддин "паненка" зарба билан дарвозабонни алдади, аммо тўп тўсинга тегиб, юқорига кўтарилиб кетди.
Иккинчи бўлимнинг 60-дақиқасида Катанец бирданига 4 футболчини алмаштирди. Ўрунов, Турғунбоев, Собирхўжаев ва Абдухолиқовнинг туширилиши натижасида тезликни оширдик. Орадан кўп ўтмасдан Фуэнтес Турғунбоевга нисбатан қўполлик ишлатди ҳамда иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этди.
Шундан сўнг ташаббус тўлалигича бизникилар томонига ўтди. Баҳснинг 79-дақиқасида эса Яхшибоев пенальти ишлади. Унинг ўзи 11 метрли жарима зарбасини аниқ амалга ошириб ҳисобни тенглаштирди.
Венесуэла қолган дақиқаларда дурангни сақлаб олиш ўйнади ва ўз мақсадига эришди.
Шу тариқа, Ўзбекистон Саудияга йиғин доирасида Боливияни мағлуб этиб, Венесуэла билан дуранг ўйнади.
Халқаро ўртоқлик ўйини
ЎЗБЕКИСТОН - ВЕНЕСУЭЛА - 1:1 (0:1)
Голлар: Жасурбек Яхшибоев (79-пенальти) — Алехандро Гонсалес (6)
Ноаниқ пенальти: Жалолиддин Машарипов (45+3, тўсин)