"Эрон миллий терма жамоаси ўтган ҳафтада Ливанга ютқазиб қўйганидан кейин Карлос Кейруш учун асал ойи тугади", деб ёзади KickOffAsia сайти мухбири Беҳнам Жафарзода. Португалиялик мутахассис Эронни 2011 йил апрель ойида қабул қилиб олганди.
Ушбу мураббийдан эронлик мухлислар жуда кўп нарса кутишганди. Улар терма жамоанинг юқори чўққиларга кўтарилишини исташганди. Лекин Ливанга қарши ўйинда учралган мағлубият шуни кўрсатдики, Кейруш — сеҳргар эмас. Бу Эроннинг ЖЧ-2014 саралаш босқичларидаги илк мағлубияти бўлди. Бу натижа кўпчиликни шок ҳолатига туширди.
Шундан сўнг Карлос Кейруш борасида 3 хил тоифа ишқибозлар пайдо бўлди. Улар билан таништириб ўтамиз.
1. Кейруш ишдан кетиши керак
Худди Англияда бўлгани каби Эронда ҳам кўпгина инсонлар терма жамоа бош мураббийи хорижлик бўлмаслиги керак, деб ҳисоблашади. Ҳар қандай салбий натижа оқибатида мураббий босим остида қолиб кетади. Ливандаги мағлубиятдан кейин терма жамоанинг собиқ мураббийлари — Мансур Пурҳайдарий, Муҳаммад Майрли Кохан ва Али Даи португалиялик мутахассиснинг салоҳиятига шубҳа қила бошлашди. Уларнинг фикрича, Карлос терма жамоадан бўшаши керак ёки терма жамоада ёрдамчи мураббий бўлиб қолиши мумкин.
2. Карлос қолиши керак
Бу гуруҳ ишқибозлар португалча тактика тарафдори бўлмасалар-да, ЖЧ саралашининг ҳозирги босқичида бош мураббийни алмаштириш тўғри қарор эмас, деб ҳисоблашади. 4 йил аввал саралаш босқичини Али Дайи билан бошлаган эронликлар, Саудия Арабистонидан учралган мағлубиятдан кейин унинг ўрнига Афшин Қутбийни тайинлашганди. Оқибатда ЖЧ-2010га чиқа олмади. Бу тоифа инсонларнинг фикрича, ҳозирги пайтда терма жамоа учун энг яхши вариант — Карлос Кейруш.
3. Кейрушнинг айби йўқ
Эрон футболи ҳозир яхши вазиятда эмас. Эрон клублари сўнгги 20 йил, хусусан сўнгги йилларда йирик натижаларга эриша олмади. Маҳаллий чемпионат эса юлдуз футболчиларни етказиб бера олмаяпти. Ушбу тоифа мухлисларнинг фикрича, Кейруш бундай қийин вазиятда қўлидан келганини қилмоқда.
Келажак
Эрон футбол федерацияси президенти Али Каффашиён ўтган ҳафтада баёнот берди: "Карлос Кейруш билан хайрлашмаймиз. У Жаҳон чемпионатига қадар терма жамоани бошқаради". Каффашиённинг қўллаб-қувватлаши Кейрушга далда бериши мумкин, аммо кафолат бермайди. Эрон 16 октябрь куни Жанубий Кореяни ўз майдонида қабул қилади. Ушбу ўйин бош мураббий учун жуда катта аҳамиятга эга.