Дарвозабон: Иллан Мелье – "Лидс"
Рўйхатдан "Лидс Юнайтед" футболчиларининг тўрттаси ўрин олган. Шулардан дастлабкиси Мельедир. Француз дарвозабони Эмирейтс ўйингоҳида тўртта гол ўтказиб юборган эди. Унинг жамоаси биринчи бўлимни рақобатбардош ўтказади. Аммо иккинчиси, улар учун қийинлик қилди. Майдон эгалари ёш дарвозабонни аяб ўтирмади. Гарчанд голларнинг ҳеч бирида Мельенинг айби бўлмасада, унинг жамоаси мағлуб бўлган эди.
Ўнг қанот ҳимоя: Люк Эйлинг – "Лидс"
Шимолий Лондондаги дастлабки 45 дақиқалик, нисбатан рақобатга бой эди. Аммо бу жараён Эйлинг ўз жарима майдончаси ичида Габриэл Жезусни чалиб йиқитганига қадар рўй берди. "Лидс Юнайтед" сардори пенальтига сабаб бўлиш билан бир қаторда, 2 та жиддий фол содир этди. Ўйин давомида рақиб томонда бирорта ҳам хавфли узатма ижро эта олмади. Эйлингнинг қанотида Габриэл Мартинелли бемалол сайр қилиб юрди. Буларнинг бари у учун катта минус бўлди.
Чап қанот ҳимоя: Энди Робертсон – "Ливерпуль"
"Манчестер Сити" ҳужумчилари, ҳатто Эрлинг Холандсиз ҳам "Ливерпуль" билан ўзларининг энг яхши ўйинларини намойиш этди. Робертсон эса ҳимояда бунга дош бера олмади. Шотландия терма жамоаси аъзоси "шаҳарликлар"га қарши 25 та узатмани амалга оширган бўлса, шуларнинг 8 таси ноаниқ эди.
Марказий ҳимоя: Ибраима Конате – "Ливерпуль"
Турнинг омадсиз жамоаларидан бири "Ливерпуль" эди. Унинг ҳимоячилар эса рақибга қарши туриб бера олмади. Юрген Клопп шогирдлари "шаҳарликлар"нинг чемпионлик пойгасига ҳалақит беришга ҳаракат қилади. Аммо бунинг иложи бўлмади. Статистик маълумотлар ҳимоячиларнинг ҳаводаги курашларини юқори баҳолайди. Аммо Конате ўша куни бу борада, шунчаки имконсиз қолди.
Марказий ҳимоя: Паскаль Стрёйк – "Лидс"
Бечора "Лидс"га "Арсенал" билан ўйинда кўп нарса етишмади. Баҳснинг иккинчи қисми қўрқинчи туш каби эди. Унинг асосида эса Стрёйк бор.
Таянч ярим ҳимоячи: Фабиньо – "Ливерпуль"
Фабиньо бу мавсумда жамоаси учун ҳеч қандай фойдага эга бўлмай қолди. Бир пайтлар бразилиялик футболчи ўз позициясида Родри ва Каземирога тенг даражада эди. Аммо ҳозир ундай эмас. Яхшиямки, "Манчестер Сити"га қарши ўйинда унга сариқ карточка кўрсатилмади. Унинг позицион рақиби бўлган Кевин Де Брюйне эса рақибни кўрдим демай ўтиб кетди.
Ярим ҳимоячи: Лофтус-Чик – "Челси"
"Челси"нинг 2-0 ҳисобида ўз майдонида "Астон Вилла" томонидан таслим қилиниши, Грэм Поттер учун сўнгги манзил бўлди. У 56 дақиқада майдонда фойдаси тегмаган Лофтус-Чикни алмаштирганди. Инглиз футболчиси бир соатдан ортиқ вақт давомида на блоклар, на қарши ҳужумлар ва на муҳим узатмаларни амалга оширди.
Ярим ҳимоя: Жек Харрисон – "Лидс"
Хави Гарсия Харрисонни майдон марказида ўйнатди. Бу эса футболчи учун ўта ноқулай эди. Балки шу сабабдан жамоага унинг фойдаси тегмагандир. 84 дақиқада захирага олинган футболчи, ўйин давомида бирорта дриблинг ёки ҳимоявий маҳорат кўрсата олмади.
Ўнг қанот ҳужум: Михаил Мудрик – "Челси"
Агарда мана шу футболчида ўзига бўлган ишонч кучли бўлганида эди, балки Поттер ҳозир ўз ишида қолган бўларди. Украиналик вингер иккита зўр имкониятни кўкка совуриб, Лофтус-Чик каби 56 дақиқада алмаштирилади. Мудрик "Челси"га келганидан бери фақат 1 та баҳсда голда иштирок этди холос.
Чап қанот ҳужум: Маркус Рэшфорд
Рэшфорд ҳафта якунида мавсумдаги энг ёмон ўйинини ўтказди. "МЮ"да гол уриши кутилган ягона вакил, у эди. Шунга қарамай, Рэшфорд ҳеч нарса қила олмади. Ҳатто, Антони ундан ёрқинроқ кўринди.
Ҳужумчи: Тео Уолкотт – "Саутгемптон"
Албатта, Уолкот ҳафтанинг ёмон футболчилари қаторига киради. Собиқ "Арсенал" ҳужумчиси "Вест Хэм" билан муҳим баҳсда рақиб дарвозаси томон битта зарба бера олди холос. У, шунингдек, 3 та муваффақиятсиз зарбани амалга оширди. Шундай экан, унинг номи бу ерда туриши адолатдан бўлади.
ИСМАТОВ Ж.