Фрэнк Лэмпард яна "Стемфорд Бриж"га қайтди. Бу, унинг жамоадаги иккинчи мураббийлик фаолияти бўлади. "Челси" афсонаси футболчилик даврида катта шуҳратга эришган эди. Аммо мураббий сифатида бундай деб бўлмайди. Лэмпард 2021 йилнинг январида ишдан бўшатилади. У Грэм Поттер кетганидан кейин вақтинчалик мураббий сифатида яна ишга таклиф этилди. 44 ёшли мутахассис жорий мавсум аввалида "Эвертон" томонидан исеъфога чиқарилади. Қуйида Лэмпард назоратида жамоанинг асосий таркиби қандай кўриниш олиши ҳақида сўз боради.
Айни дамгача "Челси"да Бруно Сальтор ишлаётган эди. У Томас Тухель ва Грэм Поттер маъқул кўрган 3 та ҳимоячи тактик схемасидан фойдаланади. Аммо Лэмпард яна тўртта ҳимоячидан фойдалана бошлайди. Хусусан, у Тухелдан олдин 4-3-3 ёки 4-2-3-1 кўринишида таркиб тузарди. Асосий жамоадаги энг биринчи ўзгариш, шубҳасиз Эдуар Мендини дарвозага қайтиши бўлади. Лэмпард ва Кепа Аррисабалага ўртасида бир пайтлар келишмовчиликлар келиб чиққан. Шунинг учун испаниялик дарвозабоннинг таркибдан тушиб қолиши табиий ҳол сифатида қаралади. Яна бир алмашинув ҳимоя чизиғида рўй беради.
Хусусан, Бен Чилвелл чап қанотда Марк Кукурельядан кўра маъқул кўрилиши кутилмоқда. Ўнгда эса Рис Жеймс асосий ўринни банд этади. Лэмпард марказий ҳимоя учун ёш бўлган Весли Фофана ва Бенуа Бадиашилени, нисбатан қарироқ бўлган Калиду Кулибали ва Тиагу Силвадан афзал кўради. Ярим ҳимоя, хусусан, таянч учун Н'Голо Кантедан маъқул номзод топиб бўлмайди. У "Ливерпуль"(0-0) билан баҳсда 14 августдан бери илк бор майдонга қайтганди. Шундай экан, мураббий ким бўлишидан қатъий назар, Канте асосий таркибда бўлади.
4-3-3 тактик схемасида Канте олдидан ҳужумкор футболчилар бўлмиш Мейсон Маунт ва Энцо Фернандес жойлашади. Маунтнинг яна асосий таркибга қайтиши ўта муҳим саналади. Негаки, у Лэмпарднинг "Челси"даги сўнгги ўйинида жамоа сардори сифатида ҳаракат қилганди. Шунингдек, ярим ҳимоянинг ҳужумга яқин қисми учун Матео Ковачич ва Кай Хаверц ҳам мос келади.
Лэмпард ҳужумда ўзининг Англия терма жамоасидаги собиқ шериги Рахим Стерлингга ишонади. Чап қанотга Михаил Мудрик ҳам даъвогар саналади. Ўнгда эса бошқа номзодлардан кўра ёш ва тезкор Нони Мадуэке пайдо бўлади. Марказий ҳужумчи вазифаси ижарадаги футболчи Жоау Феликсга юклатилади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Лэмпардни қайтгани, Хаким Зиеш, Денис Закариа ва Сесар Аспиликуэта учун ёмон хабардир. Негаки, улар энди узоқ вақт захирада қолиб кетиши мумкин.
ИСМАТОВ Ж.