"Милан" спорт директори Фредерик Массара "Реал"дан ижарага олинган ярим ҳимоячи Браим Диаснинг келажаги ҳақида фикр билдирди.
“Браим жуда яхши ишлади. "Реал Мадрид" билан учрашиб, унинг келажагини муҳокама қилмоқчимиз. Биз Диасни сақлаб қолмоқчимиз, унга ишонамиз. Кўрамиз, "Реал Мадрид" билан музокаралар учун шарт-шароит бўладими", - дея Массаранинг сўзларини келтиради журналист Фабрицио Романо.
Олдинроқ "Милан"да Диасни сотиб олиш имконияти йўқлиги, "Реал" эса футболчини қайтаришни режалаштиргани ҳақида хабар берилганди.
Ярим ҳимоячи жорий мавсумда Италия клуби сафида барча турнирларда 32 та ўйинда майдонга тушиб, 6 та гол ва 2 та голли узатмага муаллифлик қилган. Милан Диасни 2021 йилнинг ёзида ижарага олганди, шартнома 2023 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.