Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Александр Хомяков: «Тезкор голлар уришга ҳаракат қилдик ва бунга эришдик»

Баҳо:
+ | -

Суперлиганинг 7-туридан ўрин олган “Андижон” – “Металлург” (5:0) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Александр Хомяков матбуот анжуманида иштирок этди.

— Шак-шубҳасиз, эришган ғалабамиздан бениҳоя хурсандман. Албатта, ишончли тарзда зафар қучганимиз мени жуда ҳам қувонтирмоқда. Рақиблар дарвозасига бешта гол урдик. Бу ўз навбатида йигитларнинг ўз кучига бўлган ишончни қайтаришларига яхши далда бўлади, деб ўйлайман. Ўйиндан менда жуда яхши таассурот қолди. Қолаверса, йигитларга ҳам қойил қолиш керак. Улар майдонда борларини бериб ўйнашди. Асосийси, улар мусобақа жадвалида юзага келган вазиятни тўғри англаган ҳолда тўп сурдилар ва фақат ғалабагина мавқеимизни яхшилаш мумкинлигини теран билган ҳолатда майдонга тушишди. Рақиб устидан осонлик билан ғалаба қозондик, дея олмайман. Албатта, “Металлург” ўзига яраша кучга эга бўлган жамоадир. Унинг таркибида бир қанча яхши футболчилар тўп суришади. Таъкидлашим жоизки, учрашув бошидан киритилган тезкор голлар вазиятни ўзгартириб юборишга сабабчи бўлди. Тўғри, “Металлург” сафида ҳам кучли ижрочилар йўқ эмас. Аммо бугун йигитларимиз нафақат менда, балки мухлисларда ҳам яхши таассурот қолдирган ҳолда тўп суришди. Улар тактик жиҳатдан ҳам ажойиб ўйнадилар. Футболчиларга алоҳида миннатдорлик билдиришим жоиз. Чунки барчаси масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда тўп суришди. Хуллас, менда ҳаммаси қониқарли бўлди. Йигитлар ўйин олдидан берган кўрсатмаларимни тўғри ва охиригача етказиб бажардилар. Шу ўринда мухлисларимиз ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоғим даркор. Ҳар қандай вазиятда ҳам бизни қўллаб-қувватлашмоқда. Бугунги эришилган ғалабани мухлисларимизга бағишласак тўғри бўларди. Бу ютуқдан руҳланган ҳолда яна юришда давом этамиз деб умид қиламан.

— Йирик ҳисобдаги ғалабани кутгандингизми?
— Албатта, мураббий сифатида мен ихтиёримдаги жамоадан ҳар доим ғалаба кутаман. Бундай пайтда рақибнинг кучини ҳам инобатга оламиз. Бугунги беллашувда биз тезкор голлар уришга ҳаракат қилдик ва бунга эришдик ҳам. Ўз навбатида бу голлар ўйин тақдирини ва тизгинини қўлимизда ушлаб ҳаракат қилишимизга сабаб бўлди. Бугунги баҳсда олдиндан нимани режалаштирган бўлсак, барчасини амалга ошира олдик. Бундан фақат хурсанд бўлиш мумкин. Яна такрорлайман: рақибимиз анойи эмасди.

— Рубин Хебай ниҳоят гол урди ва хет-трикка эришди. Бу ҳужумчи ҳақида нима дейсиз?
— Албатта, бугун хет-трикка эришган шогирдимда ҳаммаси яхши ўхшади. Унинг учун жуда хурсандман. Ўз ўрнида айтишим жоизки, йигитлар унинг учун ишлашди. Рубин эса йигитлар учун ўйнади. Лекин бугунги учрашувда кимнидир алоҳида кўрсатиб ўтишни хоҳламаган бўлардим. Бу ғалаба бутун жамоаники ҳисобланади. Футболчилар ўйинда борини бериб тўп суришди. Шунингдек, омад ҳам биз томонда бўлганини айтиб ўтишим даркор. Умуман олганда, эришилган ғалаба барчамизда яхши таассурот қолдирди ва ўйлайманки, кейинги беллашувларда ҳам шу руҳда давом этишга ҳаракат қиламиз.

— “Андижон” қачон “Бобур Арена”га қайтади?
— Стадионда қачон уй ўйинларимизни ўтказамиз? Мен бу саволга жавоб беришга қийналаман. Айни пайтда “Бобур Арена”да ишлар олиб борилмоқда. Бизга май ойининг охирида ишлар якунига етади, деб айтишган. Ўйлайманки, ўша пайтга бориб ваъда ҳам бажарилади ва биз уй учрашувларимизни ўз майдонимизда ўтказсак керак. Агар ҳаммаси жойида бўлса, уй стадионимизда тўп суриш ва мухлисларни хурсанд қилиш жуда бошқача бўларди. Юқорида айтганимдек, ишқибозларимиз бизни ҳар қандай вазиятда ҳам қўллаб-қувватлашяпти. Улардан фақат миннатдор бўлмоғимиз ва қувонтирадиган даражада ўйин кўрсатишимиз керак бўлади. Чунки биз мухлислар учун ўйнаймиз ва футбол ҳам айнан ишқибозлар учун ўйналадиган спортнинг севимли туридир.

— “Металлург” ўтган турда ОКМКни ютганди. Бугун эса йирик ҳисобда мағлуб бўлди. Рақиб ҳақида яна нима дея оласиз?
— Ҳа, “Металлург” ўзига яраша жамоа. Унинг кучли ва шунинг баробарида кучсиз томонлари ҳам бор. Клуб олдинги учрашувда ғалаба қозонганди. Бугун эса биз унинг заиф нуқталарини топа олдик.

“Андижон” матбуот хизмати.

Манба: https://t.me/andijonpfc
Киритилди: 23:12, 24.04.2023.
Ўқилди: 1025 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.