Тодд Боэли ич-ичидан "Челси"ни сотиб олганидан афсусланаётган бўлиши мумкин. Айни дамда чорасиз қолган миллиардер, яхши даражага эга жамоани қийин аҳволга солиб қўйди. Боэли муваффақиятсизликлар учун фақат ўзини айблаши лозим. Қуйида унинг "Челси"даги илк мавсумида йўл қўйган энг йирик беш хатосини санаб ўтамиз.
1. Томас Тухелни исеъфога чиқаргани
Тухел ишдан ҳайдалганидан кейин клуб бу ҳақида шундай баёнот берганди: "Бу қарор битта мағлубият ёки ғалаба сабабли қабул қилинмади. Биз буни клуб келажаги учун тўғри деб ҳисобладик".
Аслида мураббийни ишдан олиш, Боэлининг фикри эди ва бу охир-оқибат хато бўлиб чиқди. Боэли ёз давомида 270 миллионга Тухель истаган футболчиларни олиб берди. Якунда эса трансферлар ойнаси ёпилиши билан, уни ишдан олди. Қарор ҳаддан ташқари маъносиз ва кулгили туюлади. Тухель ўрнига Поттер нотўғри пайтда олиб келинди. Натижада, мураббийга ҳам, клубга ҳам жабр бўлди.
2. Грэм Поттерни ишга олиши
Поттер ҳақиқатдан ҳам "Челси"ни ўнглаш қудратига эга эди. Аммо ишлар орқага кетди. Боэли ўзининг илк мавсумида икки мураббийни ишдан олиб, Абрамович даврини эсга солди. Хато қарорлар ортидан "Челси" мухлислари дарғазаб бўла бошлади. Поттер пайтидаги салбий натижалар, Боэли ва жамоа мухлислари ўртасидаги муносабатларда катта жарлик ҳосил қилиши мумкин эди. Шу сабабли америкалик бой, охир-оқибатда Поттерни ҳайдашга мажбур бўлди. Балки Боэли Поттер учун ҳамма нарсани муҳайё қилмоқчи бўлгандир. Аммо ёзнинг бошида қилинмаган иш, мавсум давомида ўз бўйини кўрсатиб турди. На ўйинчилар, на мураббий бундан фойда кўрди.
3. Бирорта соф ҳужумчи сотиб олмагани
Ҳа, "Челси" Обамеянг ва Дантро Фофанани харид қилди. Аммо келинг, вазиятга очиқ кўз билан қарайлик. Боэли ўзича ҳужумчилар кўп деб ўйлаган. Аммо жамоада бирорта тўпни дарвозага тўғри йўллайдиган вакил топилмади. Масалан, "Челси" 122 миллионни марказий ярим ҳимоячи сотиб олишга, 137 миллионни марказий ҳимоячи сотиб олишга, яна 84, 204 ва 21 миллионларни вингер ва қанот ҳимоячиларига сарф қилди. Энди ўтган мавсумга эътибор беринг: "Челси"да 11 та гол билан Мейсон Маунт тўпурар бўлган. Шундан келиб чиққан ҳолда марказий ҳужумчи сув ва ҳаво каби заруриятга айланиши керак эди. Аммо...
4. Фрэнк Лэмпардни қайта олиб келгани
Лэмпардни олиб келиш умуман керак бўлмаган қарор эди. Негаки, у жамоадан ёмон натижалар билан кетган, қолаверса Почеттино билан келишув вақти яқин бўлган пайт эди. Боэли бу қарори орқали ўзини шарманда қилиш билан бирга, клуб афсонаси бўлган Лэмпардни ҳам мухлислар нафратига дучор қилмоқда. Мана аҳвол: Лэмпард келди ва 5 та ўйин ўтказди. Бештадан бешта мағлубият! Бундан ортиғи бўлиши мумкин эмас...
5. Мейсон Маунтга ҳурматсизлик қилгани
Бу ердаги муаммо Маунтнинг шартномасидаги пулда эмас. Боэли жамоа футболчиларининг узоқ муддатли шартнома тузишини истайди. Маунт эса қисқароқ ва яхши маошга эга битим хоҳлади. Аслида бу ерда икки томон ҳам ҳақ. Аммо Боэли яна хато қилди. У жамоанинг сўнгги йиллардаги энг яхши футболчисига, агарда гапга кўнмаса, ёзда сотилиб кетишини айтиб, чўчитди. Бу ҳаракат Маунтнинг "Ливерпул"га бўлган интилишини кучайтирди холос. Нормал раҳбарият футболчилари билан янги битим борасида бундай шартлашмайди. Аммо "Челси"да бундай воқеалар тамоман нормал ҳолга айланди. Энди эса, оқибатга натижалар кўзгу бўлмоқда...
ИСМАТОВ Ж.