Кеча бўлиб ўтган "Нефтчи" - "Андижон" жамоалари ўйинидан кейин ҳар иккала жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда дастлаб меҳмонлар бош мураббийи иштирок этди.
Азамат Абдураимов («Андижон» клубининг бош мураббийи):
— Аввало шуни айтишим керакки, шогирдларим жонбозлик, характер борасида ёмон ўйин кўрсатишмади, деб гап бошлади Азамат Берадорович. - Ўзи Фарғонада тўп суриш қийин ва бу анаънага айланиб қолган. Айниқса, ҳакамларнинг «Нефтчи»га ён босиш ҳолатлари кўп бўлган. Бугун ҳам ана шундай бўлди. Биз худди 12 кишига қарши ўйнагандек бўлдик. Мен ҳакамларнинг хатти-ҳаракатларига умуман тушунмадим. Қаранг, рақиб ўйинчиси футболчимизнинг юзига очиқчасига урди. Бундай вазиятда дарҳол уни майдондан четлатиш керак эди. Билмадим, ҳакамларнинг янги қоидаси чиқдими, рақиб урган бўлса-да, сариқ карточка кўрсатиб кифояланди, холос. Бундан ташқари киритилган иккинчи голда ҳам шубҳам бор. Тўғри, ўша вазиятда узоқда тургандим, вазият аниқ кўринмади. Ўша ҳолатда «Нефтчи» футболчилари ҳам бор эди ва тўп чизиқни кесиб ўтганида қўлларини кўтариб гол дейишлари керак эди. Аммо улар ҳам яна ўйинга берилиб кетдилар. Ҳакам бўлса майдон марказини кўрсатди, очиғи умуман тушунарсиз бўлди. Тўғри, натижадан қониқмадик. Чунки кетма-кет тўртинчи марта мағлубиятга учрадик.
— Асосий таркиб ўйинчиси – Азиз Ғуломхўжаев нега кўринмай қолди?
— Азизда жароҳат бор эди. Шунинг учун у икки ҳафта Тошкентда даволанди. Сафимизга қўшилганига икки кун бўлди. Кеча эса ёшлар таркибида ўйнатдик. Секин-аста таркибимизга қайтади. Умуман, бу учрашув олдидан таркибимизда муаммолар бор эди. Масалан, Азиз Жўраев оиласида янги фарзанд дунёга келди. У оилавий сабабларга кўра Тошкентда эди. Жамоамиз сардори Иброҳим Отахоновнинг оиласида нохушлик юз бериб, онаси вафот этди. Бу – ҳаёт. Кимдадир хурсандчилик бўлса, кимдадир қайғули бўлади. Хуллас шунақа ҳолатлар туфайли таркибимизда муаммолар бор эди. Ушбу футболчилар ҳам бизга етишмади.
— Жамоанинг олий лигада қолиши борган сари қийинлашиб бормоқда. Бу борадаги имконият ҳақида нима дея оласиз?
— Футболда чемпионлик характери деган нарса бор. Ўйин 90 дақиқа бўлса, мағлубиятга учраса ҳам охиригача курашиш керак. Биз эса шуни кўрсата олишимиз керак. Тўғри, вазифа қийинлашган, аммо олдимизда ўйинлар бор. Бундан ташқари тақвим ҳам қийин. Бунгача «Локомотив», «Пахтакор», «Нефтчи» каби жамоалар билан беллашдик. Энди эса «Насаф»га қарши майдонга чиқамиз. Шунга қарамай таслим бўлмасдан, озгина имкониятдан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Мен футболчиларга ишонаман.