АПЛнинг йил алмашгандан бери тузилган жадвали сизни ҳайрон қолдиради. Баъзи кутилмаган номлар, кутилган клублардан кўра яхши ҳаракат қилиб, шунга яраша очколар жамғаришга муваффақ бўлганлар. Янги йил келганидан бери "Арсенал" ва "Манчестер Сити" жуда ҳам кучли ўйин кўрсатишни давом эттириб келмоқда. Уларга қўшимча равишда "Астон Вилла", "Брентфорд" ва "Брайтон"лар эски кучли олтилик жамоаларига муносиб қаршилик кўрсата олишди. Бу иш ҳозир ҳам давом этмоқда.
"Арсенал"нинг чемпионлик учун кураши яқин ҳафталарда катта муаммоларга дуч келди. Бу эса амалдаги чемпионлар бўлмиш "Манчестер Сити"га қўл келди. Ҳеч бир клуб 2023 йилда Гвардиола жамоасидан кўра кўп очко жамғара олмаган. Бунда кутилмаган ном "Астон Вилла" бўлади. Бу жамоа вакиллари етакчилар билан бир хил суръатда ҳаракат қилиб келмоқда. Унаи Эмери шогирдлари "шаҳарликлар"дан 1 очко кам тўплаган холос. 2023 йилда "шерлар" "Арсенал"дан яхши кўрсаткичларга эга.
Унаи Эмери жамоаси ҳаммани хайратга солиб қўя олди. Испаниялик мутахассис шогирдларини кучли тўртлик даражасида ўйнатишга муваффақ бўлмоқда. Шунингдек, Роберто Де Зерби бошчилигидаги "Брайтон" ҳам еврокубокларга кураша бошлади.
"Манчестер Юнайтед"ни ҳам бу борада алоҳида таъкидлаш керак. Эрик тен Хаг бу жамоани яхши тарафга ўзгартира олди. Нидерландиялик мутахассис "қизил иблислар"нинг олти йиллик совринсиз даврига барҳам берганди. Айни дамда "МЮ" Англия кубоги финалига йўл олди. Қолаверса, Европадаги ҳеч бир клуб бу мавсумда "Манчестер Юнайтед"дан кўра кўп ғалабага эришгани йўқ. Аммо манкунианликларнинг унумдорлиги 2023 йилда анча пасайиб қолди. Клуб АПЛда 2023 йилдаги 15 та ўйиндан 28 очко жамғара олган холос. Гарчанд чемпионлик пойгасидан чиқиб кетган бўлсада, "МЮ" ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритишга яқин турибди.
Календар йили асосида тузилган жадвалда "Лестер Сити" энг ёмон натижалардан бирига эга. "Тулкилар" 2023 йилда 16 та ўйин ўтказиб, 12 очко йиға олди. Бу салбий кўрсаткич жамоа бош мураббийи Бренден Рожерснинг ишдан кетишига сабабчи бўлган эди. Пастки еттлик жамоалари ичидан "Челси"нинг ўрин олгани ҳаммани хайратга солади ва бу жамоада ҳам мураббий алмашди. Шунингдек, қолган пастки ўриндаги клублар "Челси" каби мураббийини ишдан бўшатган эди. Фақат "Ноттингем Форест"гина Стив Куперга ҳали ҳам ишонч билдирмоқда. Мураббий алмаштирган клублар ўзлари учун Шон Дайч, Хави Гарсия, Рубен Сельес, Фрэнк Лэмпард, Рой Хожсон ва Дин Смитни янги бошлиқ қилиб тайинлаган эди. Улар ичидан энг ижобий натижага эга мутахассис Рой Хожсон бўлиб, инглиз мураббийи келганидан бери 3 та ғалабага эришди. Фрэнк Лэмпард эса бунинг тескарисини қайд этди.
2023 йил АПЛ турнир жадвали:
1. "Манчестер Сити" – 37 очко (15 ўйин)
2. "Астон Вилла" – 36 очко (17 та ўйин)
3. "Арсенал" – 32 очко (17 та ўйин)
4. "Ньюкасл" – 28 очко (15 та ўйин)
5. "МЮ" – 28 очко (15 та ўйин)
6. "Брайтон" – 25 очко (14 та ўйин)
7. "Ливерпуль" – 25 очко (16 та ўйин)
8. "Брентфорд" – 24 очко (16 та ўйин)
9. "Вулвз" – 24 очко (16 та ўйин)
10. "Тоттенхэм" – 24 очко (17 та ўйин)
11. "Вест Хэм" – 20 очко (15 ўйин)
12. "Фулхэм" – 20 очко (15 та ўйин)
13. "Борнмут" – 20 очко (16 та ўйин)
14. "Ноттингем" – 17 очко (17 та ўйин)
15. "Кристал Пэлас" – 15 очко (17 та ўйин)
16. "Челси" – 15 очко (17 та ўйин)
17. "Лидс" – 14 очко (17 та ўйин)
18. "Эвертон" – 13 очко (16 та ўйин)
19. "Лестер" – 12 очко (16 та ўйин)
20. "Саутгемптон" – 12 очко (16 та ўйин)
ИСМАТОВ Ж.