Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси (IFFHS) дунё клубларининг октябрь ойи рейтингини эълон қилди.
Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси (IFFHS) дунё клубларининг октябрь ойи рейтингини эълон қилди. Ушбу рейтинг жамоаларнинг 2011 йил 1 октябрдан 2012 йил 30 сентябргача бўлган муддатда расмий ўйинларда қайд этган натижалари асосида тузиб чиқилган.
Биринчи бўлиб Аделаидадан дуранг натижа билан қайтган "Бунёдкор"нинг ўрнини излаймиз ва "қалдирғочлар" 13 поғона кўтарилиб, 186-ўринга жойлашганига гувоҳ бўламиз. Қизиқ томони, "Аделаида Юнайтед" ҳам 17та ўрин кўтарилган ва айнан 186-ўринни банд этган. Ушбу жамоалар 93,0 очко билан билан Осиёнинг кучли 10та клуби сафига киришмаган.
Ўзбекистоннинг бошқа бир гранди "Пахтакор" халқаро ўйин ўтказмаган бўлса-да, кескин кўтарилишга эришган. Пахтакорчилар 284-ўриндан 237-поғонага чиқиб олишган. "Насаф" эса аксинча анча тушган. Ўтган ойда 314-ўринда қайд этилган қаршиликлар, бу сафар 367-ўринга жойлашишган.
430 нафар клуб орасида Ўзбекистоннинг бошқа клублари йўқ.
"Барселона" ҳамон 343 очко билан рейтингни бошқариб турибди. Чилининг "Универсидад" клуби ҳисобида эса 300 очко бор. Ўтган ой рейтингида 3-ўринни эгаллаб турган "Реал Мадрид" бу сафар ўз ўрнини Аргентинанинг "Бока Хуниорс" клубига бўшатиб берган.
Рейтингнинг тўлиқ кўриниши билан IFFHS сайтида танишиб олишингиз мумкин.