Ўзаро ўйинлар
Мазкур рақиблар 2012 йилдан бошлаб ҳисобласак, барча турнирларда 10 марта тўқнаш келишган. Шундан 4 тасида мадридликлар, 4 тасида "шаҳарликлар" ғалаба қозонган. Яна 2 баҳсда ғолиб аниқланмаган. Кўриниб турибдики, Мадриддаги ўйиннинг орадаги кўрсаткичга таъсири катта.
Жамоаларнинг ҳозирги ҳолати
Кутилаётган баҳс мезбони "Реал" Мадрид сўнгги 5 та учрашувда 3 та ғалаба 2 та мағлубият қайд этган. Эътиборлиси, охирги ўйинда Родригонинг дубли эвазига "Осасуна" устидан зафар қучиб, Испания Кубоги соҳибига айланди.
"Манчестер Сити" эса, сўнгги 5 та баҳснинг ҳаммасини ғалаба билан тугатди. "Шаҳарликлар" АПЛ турнир жадвалидаги асосий рақиби "Арсенал"ни ўз уйида 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди ва чемпионликка жуда яқинлашиб олди.
Икки клубнинг асосий "қуроллари"
"Қироллик клуби"нинг ҳозирги кунда энг асосий футболчиси дея кўпчилик томонтдан барибир Карим Бензема кўрсатилмоқда. Аммо, Винисиус, Родриго ҳамда Асенсио каби футболчилар ҳам аста-секин жамоанинг муҳим ўйинчилари сафига кириб боряпти. Айниқса, Родриго охирги 5 та ўйинда 3 гол уришга муваффақ бўлди.
"Манчестер Сити" таркибида эса, асосий футболчи, шубҳасиз, "гол машинаси" Эрлинг Холанд. Сабабини тушинтиришга ҳожат йўқ. Норвегиялик сўнгги 5 ўйинда 3 та гол ва 2 та ассист муаллифига айланди. Шунингдек, бир мавсумда гол уриш бўйича илк мавсумидаёқ афсонавий Алан Ширерни ортда қолдириб Премъер Лига рекордини ўрнатди. "Шаҳарликлар" сафида охирги ўйинларда ўзини кўрсатаётган яна бир футболчи бор - бу Рияд Маҳрез. Жазоирлик сўнгги 5 ўйинда 3 та гол 4 та ассист қайд этди.
Футболчи ва мураббийлар фикрлари
"Реал" Мадрид клуби бош мураббийи Карло Анчелотти: "Ўтган мавсумда ўз дарвозамиздан 5 та гол ўтказиб юбордик ва 6 та гол киритдик. Такрорлайсизми? Мен қарши эмасман.
"Манчестер Сити" бу йил анча тўлиқроқ жамоа. Улар ҳимояда жуда яхши ташкиллаштирилган ва тўп билан яхши ўйнашади. Ҳозир биз янада ҳаяжондамиз".
Ҳужумчи Родриго: "Асосан кийиниш хонасида биз Холанд ҳақида гаплашамиз. У кўп гол уради ва уни қандай қилиб тўхтатишни ҳеч ким билмайди. Умид қиламанки, у бизга гол урмайди”.
"Манчестер Сити" ярим ҳимоячиси Родри: "Футбол қасос олиш имкониятини беради ("Манчестер Сити" сўнгги Чемпионлар лигасининг ярим финалида "Реал"дан учралган мағлубият эвазига турнирни тарк этганди - муаллиф). Ҳар доим ўтмишдаги тажрибадан ўрганиш мумкин. Биз янги мотивация билан курашиш учун яна шу ердамиз. Бу йил яхши ишлаяпмиз".
Йўқотишлар
Ўйин олдидан икки жамоа таркибида бир қанча йўқотишар мавжуд. Мадридликлар сафида бир неча учрашувларни асосий таркибда бошлаган Дани Себальос, Ферлан Менди каби футболчилар, "шаҳарликлар таркибида эса, Натан Аке Мадриддаги илк баҳсни жароҳат сабаб ўтказиб юборишади.
Тахминий таркиблар
"Реал" Мадрид: Куртуа, Камавинга, Алаба, Рюдигер, Карвахаль, Модрич, Кроос, Вальверде, Винисиус, Родриго, Бензема.
"Манчестер Сити":Эдерсон, Аканжи, Уокер, Диаш, Стоунс, Родри, Грилиш, Гюндоган, Де Брюйне, Бернарду, Холанд.
Хўш, "Қироллик клуби" ҳаммасини ўз майдонида ҳал қилиб, меҳмондаги баҳс учун ўзига имкон ярата оладими? Ёки, "шаҳарликлар" Мадриднинг ўзидаёқ барчасига нуқта қўядими? Мазкур саволларимизга бугун 10 майга ўтар кечаси "Сантьяго Бернабеу"да бўлиб ўтадиган ЕЧЛ ярим финал илк баҳсидан сўнг жавоб оламиз. Биринчи ўйин бўлишига қарамай футбол мухлисларини шиддатли учрашув кутмоқда!