Олий лиганинг 22-туридан ўрин олган «Пахтакор» ва «Нефтчи» жамоалари ўйинидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида иккинчи бўлиб «Пахтакор» бош мураббийи Мурод Исмоилов иштирок этди. Исмоиловга жамоа ғалаба қозонган бўлсада, кўпроқ танқидий руҳдаги саволлар берилганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
- Авваламбор, мухлисларга ва шогирдларимга раҳмат айтмоқчиман. «Нефтчи» шунақа жамоаки, улардан ҳар қандай натижани кутиш мумкин эди. Жамоа жуда бой тарихга эга. У ерда бизга ҳам устозлик қилган Юрий Саркисян ишлаб келади. Биз шуларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда тайёргарлик кўргандик. Менимча ўйинимиз ёмон бўлмади.
- Бугун таркибда анчадан бери кўринмаётган ёш футболчиларни туширдингиз? Арам Бабаян, Алишер Азизов... Бунинг сабаби нимада?
- Блсангиз керак, 12 нафар футболчимиз Саудия Арабистонига ёшлар терма жамоаси билан бирга жўнаб кетган. Шунинг учун ҳам бизда ҳозирги вақтда бор имкониятларга қараб футболчиларни майдонга туширдик. Агар ўша 12 нафар футболчи шу ерда бўлганда уларнинг хизматидан фойдаланган бўлишимиз мумкин эди.
- Шарофетдинов масаласида сўрамоқчи эдим. Мени ҳалигача, бир савол қийнайди. Унинг мадйондаги вазифаси нима? Унинг ҳаракатлари менга фақат тўпга тегиниб қўядиган футболчидек туюлади...
- Унинг кераклиги томонларидан фойдаланишимиз керак. Албатта заиф томонлари ҳам бор. Лекин шу билан бирга бизга керакли имкониятларга ҳам эга. Шундан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.
- Лекин мен уни доим, кузатаман. Бир сафар ҳатто, ҳисоблаб ҳам чиққандимки, у бутун ўйин давомида фақат орқага ва ёнга пас берганди. Бугун ҳам шу...
- Унинг бори шу.
- Жамоа ғалаба қозонган бўлсада, футболчиларда яна ўша яратилган вазиятлардан фойдалана олмаяпти...
- Бу саволга ҳар сафар жавоб бериб келяпман. Бунинг учун доимо иш олиб борилмоқда. Кимдир бундан ўзига керакли нарсани оляпти. Кимдир йўқ. Бир нарсани унутманг. Бизда бош баланд сакрай оладиган даражадаги футболчилар йўқ. Ўз имкониятича тўп суради улар.
- Умуман футболда вазиятлардан фойдалана олмасликка нима сабаб деб ўйлайсиз? Назарий жиҳатдан умумий жавоб берсангиз.
- Биринчидан футболчида маҳорат бўлиши керак. Иқтидорга эга бўлмоғи лозим. Кейин тинимсиз меҳнатда, ҳаракатдаги футболчи доим мақсадга эришади. Ва албатта омад ҳам керак.
- Агар футболчингиз олтита вазиятдан фойдалана олмаса, уни алмаштирган бўлармидингиз?
- Билмадим... Буни ўйлаб кўриш керак. Балки яна имкон берардим. Балки захирага олиб ўша ерда қандайдир тушунтиришлар бериш лозимдир.
- Жамоадаги интизом масаласида нима дея оласиз? Кубок ва чемпионатнинг ҳал қилувчи учрашувларида бу нарса халақит қилмасмикан?
- Ўйин пайтида футболчиларни бошқариш жуда қийин. Майдонда икки марта у бошдан бу бошга югуриб келсангиз бўлди, ташқаридаги овозлар қулоққа кирмай қолаверади. Шунақа пайтда футболчининг савияси билинади. Керакли пайтда ўзини боса олса, бу унинг ютуғи. Келажакда ҳам бундай ақлли босиқ қарорлар унга асқотади.
- Ҳисоб 3:0 кўринишини олганда Суюновнинг ҳакам билан тортишиб сариқ карточка олигидан нима наф. Бу жамоадаги ёш футболчиларга ўрнак эмас, салбий таъсир кўрсатадику?
- Профессионал футболчи концентрацияни йўқотмаслиги керак. Ўтган сафар ҳам масалан Акбар Исматуллаевга худди шу борада гапни айтиб ўтгандим. Жамоа қанақа ҳисобда ютиб турганидан қатъий назар, бўшашиш керак эмас. Мана бугун у қандай яхши ўйнади. 11 футболчининг ҳаммасига буни бир вақтда уқтириш қийин. Кимдир кўрсатмаларни тез уқиб олса, билингки бу ўзига фойдали бўлади. Келажакда футбол ақлли футболчиларни юлдузга айлантиради. Мана шу гапимни ёдингиздан чиқарманг. Ёввойи куч билан ҳаммасига эришиб бўлмайди. Ким футболни уқий олса, ақл билан иш тутса, усишда давом этади.
- Демак футбол ҳам шахматдек бўларканда?
- Йўқ. Улар жуда узоқ ўйлайди. Футболда эса жуда тез фикрлаб қарор қилиш керак.
- Сўнгги пайтларда Акбар Исматуллаевнинг марказда тўп сураётганини кўрмоқдамиз. Бу кимнинг қарори? Сизникими ёки бошқалар билан маслаҳатлашиб шундай қарорга келяпсизларми?
- Балки, мен футболни яхши тушунмасман, лекин бу қарор фақатгина мен чиқарганман. Айнан мен унинг марказда тўп сурса кўпроқ фойдаси тегишига ишонганим учун уни қўймоқдаман. У жуда ақлли ва кўрсатмаларни жуд тез илғаб оладиган футболчи. Бунақа футболчилар кўп эмас. Шунинг учун ҳам уни ҳужум ва ҳимоя боғлаб турадиган зонада тўп суришига ёрдам беряпмиз. Агар у бугунгидек ўйин намойиш этадиган бўлса, аниқ катта ўсишга эришади.
- Жамоага келганингиздан буён натижаларда бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилди. Шу маънода, кейинги мавсумда ҳам Мурод Исмоиловни жамоа бош мураббий сифатида кўришимиз мумкинми?
- Бу саволни клуб раҳбарларига беришингиз керак. Менга қолса ишлашда давом этаман. Агар жамоадан кет, дейишса раҳмат деган ҳолда бошқа иш топишим мумкин. Қол дейишса ишлайвераман. Биз футбол учун туғилган одамлармиз. Қаерда бўлса ҳам мана шу касбга меҳр бериб ишлашда давом этамиз. Агар бу ердаги ишим ҳақида гапирадиган бўлсам, «Пахтакор»да ишлаш фахр. Қарорни эса раҳбарият чиқаради. Яна бир гап. Мен жамоага келиб жуда катта ўзгариш қилганим йўқ. Шунчаки, футболчиларнинг ўзлари жуда яхши ўйнашяпти.
- Жамоа иккинчи даврада харид қилган Анвар Раҳимов ҳақида сўрамоқчи эдим. Уни нега жамоа ўйинларида кўрмаяпмиз?
- Анвар маҳоратли футболчи. Лекин унга вақт керак. Ҳозир уни ўринбосарлар таркибида ўйнатиб маҳоратини ошириш учун ҳаракат қиляпмиз. Лекин ҳали ўзини кўрсата олмаяпти. Ҳозирча, «Пахтакор» талабларига жавоб бера олмаяпти
- «Пахтакор» дарвозасини қўриқлаётган Александр Лобанов ўйиндан-ўйинга очилиб бораётгандек. Уни Темур Жўраевнинг ўрнига муносиб дарвозабон, яъни биринчи рақамли дарвозабон дея оласизми?
- Йўқ бундай дейишга ҳали эрта. Биринчи рақамли посбон бўлишига ҳамм ҳали вақт бор. Темур Жўраев қандайдир руҳий тушкунлик ҳолатига тушиб қолган. Шунинг учун ҳам ҳозир Лобанов хизматидан фойдаланяпмиз. Агар Жўраев ўз устида ишласа жамоада энг керакли футболчи. Ҳозир машғулотларда иш олиб бормоқда. Насиб қилса у яна сафга қайтади. Агар у ўзининг оптимал ҳолатига қайта олса Жўраев Лобановга қараганда анча кучли. Бироқ ҳозирги ҳолатда Лобановнинг майдонга туширганимиз маъқулроқ.
Азамат Муродов ёзиб олди