Жорий мавсум давомида Алехандро Гарначо ва Эван Фергюсон каби ёш талантлар ўзларининг ёрқин ҳаракатлари билан АПЛни безаб берган эди. Аммо Европа фақатгина Англиядан иборат эмас. Кучли бешлик чемпионатларида ҳам кўплаб юлдузлар кашф этилмоқда. Вақт ўтгани сайин ёшлар келади ва кетади. Аммо клублар уларни вақтида аниқлаб, ўз томонига оғдира олиши ҳам керак бўлади. Кўплар ўспирин пайтида кучли ва келажаги порлоқ сифатида кўринади. Аммо ўша темпни ушлаб қолиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Қуйида ёш бўлишига қарамай, ёрқин ҳаракатлари ва голлари билан танилишга улгурган футболчиларнинг айримлари тақдим этилади.
Эван Фергюсон – "Брайтон"
Ўйинлар: 15 та
Голлар: 4 та
2022-23 йилги мавсум 18 ёшли Фергюсон фаолиятида муҳим аҳамият касб этди. Агарда ирландиялик ҳужумчининг майдондаги ҳаракатларини кузатсангиз, у аллақачон ўзини тажрибали ҳужумчилардек тутаётганини кўрасиз. Фергюсоннинг ютуқи, унинг фақатгина жисмоний устунлигида эмас. У ўйинни тактик томонлама яхши англайди. Ирландия терма жамоаси аъзоси керак бўлганида ҳимояга ҳам қайта олади ва шерикларига ёрдам беради.
Элисс Бен-Сегир – "Монако"
Ўйинлар: 16 та
Голлар: 4 та
Бен-Сегир жорий йил аввалида 18 га тўлди. Аммо у аллақачон "Монако" сафида муҳим фигурага айланиб улгурди. Ҳамма баҳсларда майдонга туширилмаётган бўлсада, Бен-Сегир керакли вазиятларда фойдали эканини исботлай олди. Хусусан, у "Монако" сафидаги илк баҳсида "Осер"га қарши дубл қайд этиб, 3-2 ҳисобидаги ғалабага катта ҳисса қўшди.
Матис Тель – "Бавария"
Ўйинлар: 20 та
Голлар: 5 та
"Бавария"нинг асосий таркибига киришга муваффақ бўлган сўнгги ёш футболчи айнан Тель эди. У "Ренн" тарбияланувчиси саналади. Ҳужумчи ёш бўлишига қарамай, катта тезлик ва кучли техника соҳибидир. У жорий мавсумнинг Бундеслигадаги энг ёш гол муаллифига айланганди. Германия кубогига ҳам айнан шу аргументни келтира оламиз.
Юсуффа Мукоко – "BVB"
Ўйинлар: 25 та
Голлар: 7 та
Ҳали 18 га тўлмасиданоқ, Мукоко ўзининг нималарга қодир эканини ҳар қайси ёш тоифасида намойиш этиб келмоқда. У "Боруссия Дортмунд" сафида Эрлинг Холанд меросхўрига айлана олди. Тўғри, ҳали Холанд даражасига етиш учун Мукокога анча бор. Аммо немис ҳужумчиси аллақачон жамоа бош мураббийи Эдин Терзич ишончига кира олди.
Жуд Беллингем – "BVB"
Ўйинлар: 31 та
Голлар: 8 та
Бу йигитга гап бўлиши мумкин эмас. Беллингемнинг ҳаракатларидан, уни худди, йиллаб тажрибага эга деб ўйлайсиз. Аслида эса у эндигина 19 ёшда холос. Кўпчилик уни "Реал"га ўтади деб ўйламоқда. Чунки Беллингем шу даражага чиқа олди. Англия терма жамоаси аъзоси ярим ҳимоячи сифатида 8 та гол урди. У энди "Боруссия Дортмунд"да қола олмайди.
ИСМАТОВ Ж.