"Манчестер Сити" "Реал"ни ўз майдонида тор-мор этиб, Истанбулдаги финалга йўл олди. Эндиликда, бу жамоадан ўз қўшниси бўлган "МЮ"нинг 1999 йилдаги натижасини такрорлаш учун фақатгина учта ўйинда ғалаба қозониши талаб этилади. Бу ҳақида Гвардиола шундай деган эди: "Биз соврин ютмоқчимиз. Шогирдларим фақат шу ҳақида ўйламоқда. Бизга учта соврин учун учта баҳсда ғалаба керак холос. Буни қила оламиз. АПЛда битта ғалаба кифоя бўлса, кубокда ўз қўшниларимизга қарши чиқамиз. ЕЧЛда бизни итальян жамоаси кутиб турибди. Мен "Интер"га қарши баҳсдан роҳат оламан. Негаки, улар жуда кучли".
Бундан уч йил олдин Португалияда "Манчестер Сити" "Челси"га кичик ҳисобда имкониятни бой берганди. Энди эса уларга АПЛ чемпиони бўлиш учун "Челси" устидан қозониладиган ғалаба зарур. Бу орқали "шаҳарликлар" сўнгги олти йилдаги бешинчи титулини қўлга киритади. Кейинги финал "МЮ"га қарши 3 июнь куни бўлиб ўтади. Орадан бир ҳафта ўтгач эса, уларни ЕЧЛдаги финал кутади. Бу ҳақида Гвардиола алоҳида фикр билдириб ўтди: "Биз АПЛни тезроқ қўлга киритиб, "МЮ" ва "Интер" билан тўқнашувга тайёргарлик кўришни бошлашимиз лозим. Бизни Англиядаги чемпионликдан биргина ўйин ажратиб турибди. Уч йилда иккинчи марта ЕЧЛ финалигача етиб келдик. Ўйлайманки, биз эришган даража – ақлбовар қилмас. "Манчестер Сити" бажарган ишни ҳозирда бошқа жамоалар амалга ошириши жуда қийин масала".
"Реал"га қарши зафар билан Гвардиола ЕЧЛ тарихида энг тез 100 та ғалабага эришган мураббийга айланди. Испаниялик мутахассиснинг фикрича, бу ўтган мавсумдаги мағлубиятнинг аламидир. У шундай дейди: "Сўнгги кунларда кучли рақибни мағлуб этиш борасида кўплаб режалар туздик. Ўйиннинг дастлабки 10-15 дақиқасида ўтган мавсумдаги оғриқни ҳис қилдим. Биз заҳар ичишимиз керак эди ва шундай қилдик. Аммо бизда унга қарши ҳапдори ҳам мавжуд эди. Спорт шунақа нарса. У сизга қасос олиш имкониятини доимо беради. Фақат ундан фойдаланишни билиш керак. Мен шогирдларимнинг даражаси ўсганлигини ҳис қилдим. Менинг фаолиятим мана шу ерда ўзининг энг яхши даврларини ўтказмоқда. Бундан хурсандман, албатта. Ҳаммаси, энди ўз қўлимизда. Нима қилиш кераклигини яхши биламиз".
"Манчестер Сити"да АПЛ доирасида учта: "Челси", "Брайтон" ва "Брентфорд"гақарши ўйинлар бор. Улардан биттасида ғалаба қозониш, чемпионлик учун етарли бўлади. Кейинги босқич эса ашаддий рақиб бўлмиш "Манчестер Юнайтед"га қарши кечади. Ушбу тўқнашув 3 июнь, шанба куни Лондоннинг "Уэмбли" стадионида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Агарда икки титул расмийлаштирилса, учинчи қадам бир ҳафтадан кейин, ЕЧЛда қўйилади. Бунда "шаҳарликлар" "Интер" билан учрашади. Бу ўйин 10 июнь куни Истанбулнинг "Отатурк Олимпия стадиони"да кечади.
ИСМАТОВ Ж.