Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Франциялик бадавлат олигарх

Баҳо:
+ | -

«Арсенал», «Милан» ва «Марсель» клубларидаги ёрқин ўйинлари билан донг таратган Матьё Фламини 2019 йилда ўзининг профессионал фаолиятини ниҳоясига етказган

 франциялик ярим ҳимоячи сўнгги жамоаси - «Хетафе» билан шартномага имзо чекканида, келишувнинг молиявий жиҳати уни мутлақо қизиқтирмаганди. Боиси, Матьё футболчилик давридаёқ йирик бизнесмен сифатида ном қозонган, 11 миллиарддан ортиқ мол-давлат соҳиби эди. Қизиқ, шунча бойликка у қай тариқа эришди?

2008 йилгача «Арсенал» шарафини ҳимоя қилган Фламини эркин агент мақомида «Милан»га йўл олди ва тез орада бўлажак бизнес-шериги - Паскуале Граната билан танишди. Паскуале футболчига миллионлаб даромад келтириши мумкин бўлган ғоясини баён этди. У нефть ёнилғиси ўрнини боса оладиган, нисбатан анча арзон ва сифатлироқ ёнилғи - левулин кислотаси ишлаб чиқаришни таклиф этганди. (Левулин кислотаси ва унинг тузларидан фармацевтика ва органик синтез соҳасида фойдаланишади, ҳосилаларини экологик ўғит сифатида ишлатиш мумкин. Левулин кислотасининг асосий устунлиги - ундан суюқ углеводород ёнилғисини тайёрлаш мумкин. Левулин кислотаси - антисептик хусусиятларга эга бўлган консервант)

Матьё Фламини левулин кислотасини ишлаб чиқариш технологияси тадқиқоти учун сармоя киритди, кейин дастлабки заводни қуришга киришди. Матьё кўпмиллионли сармоялар ўзини оқламай қолиши мумкинлигидан хавотирда эканлиги боис, янги ташкил этилаётган GF Biochemichals компаниясида иштирок этаётганини сир тутди. Бу ҳақда фақат компания таниқли корхона мақомини олганидан кейин маълум қилди. 2016 йилда компания 3та офисни (Италияда бош офис, шунингдек, Нидерландия ва АҚШда) очишга улгурганди. Қўшимчасига, яшил ёнилғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган ва АҚШда ўз заводлари бўлган Segetis компаниясини ҳам сотиб олди. Ҳозирда Фламини тасарруфидаги компания 30 миллиардга баҳоланмоқда. Собиқ ярим ҳимоячининг шахсий мулки эса 11 млрд. евродан кўпроқ. Бироқ 2018 йилда компаниянинг улкан даромади ва ўзининг жамғармаси ҳақидаги ахборотни инкор этди: «Матбуотдаги ахборотга зид ўлароқ, банкдаги ҳисоб рақамимда ҳеч қанақа 30 миллиард йўқ. Бу маблағ компаниянинг қийматига мос эмас. Бу сўнгги йиллардаги замонавий технологиялар ёрдамида қўлга киритишимиз мўлжалланаётган бозорнинг умумий қиймати. Англашилмовчилик юз берди. Бугун мен миллиардер эмасманми? Йўқ, мутлақо йўқ. Ўринсиз шов-шувга сабабчи бўлганим учун узр сўрашни истайман. Чунки бу ишга пул топиш учун қўл урган эмасдим. Менинг асосий мақсадим доимо атроф-муҳитга ёрдам бериш бўлган».

Фламини мазкур эътирофи билан ўз бизнесининг молиявий тафсилотларини ошкор этмасликка интилгандек, гўё. Левулин кислотасини ишлаб чиқариш билан боғлиқ уринишлари унга футболчилик давридагига нисбатан катта даромад келтирди. 2015 йилда NME журнали собиқ ярим ҳимоячини «Йил кишиси» унвони даъвогарлари рўйхатига киритганди. Шунингдек, Фламини атроф-муҳитни муҳофаза қилувчи экспертлар гуруҳида ҳам фаолият юритмоқда, 2024 йилда бўлиб ўтадиган Париж Олимпиадасининг ташкилотчилари бу борада мунтазам маслаҳатлашиб турадилар. Унинг компанияси эса биоиқтисодиётга оид журнални чоп этиш билан шуғулланади ва Италиянинг бир қатор олийгоҳлари билан шу йўналишдаги магистрлар курсларини молиялаштириш хусусида келишувларни имзолади.

Франциялик олигарх ҳозир компания акцияларининг 60 фоизини ўз тасарруфига олган ва бош директор мақомида фаолият юритмоқда. Бундан бир неча йил муқаддам унга бирон-бир жамоани, масалан, «Арсенал»ни харид қилиш нияти хусусида савол беришганди, шундай жавоб берди: «Бу клублар («Арсенал» ва «Марсель») қалбимдан муҳим ўрин олишгани шубҳадан холи. Мен ким эканлигим ва қаердан эканлигимни ҳеч қачон унутмайман. Ҳаётда нималар юз беришини олдиндан билишнинг иложи йўқ, аммо ҳаммаси имкониятларингизга боғлиқ. Мен чиндан ҳам мавжуд вақт, мавжуд борлиқ ва мавжуд кишиларга ишонаман, диндор бандаман. қандай воқеалар юз бериши, Коинот қандай неъматларни ҳадя этишини келажак кўрсатади».

Матьё Фламини бизнес туфайли улкан бойликка эришди. Лекин дунёдаги энг бадавлат футболчи эмас. Бруней султони Ҳассанали Болкиахнинг жияни Фаик Болкиах ундан олдинда. Бу футболчининг отаси Жеффри - Бруней шаҳзодаси. Футболчининг мол-давлати 22 миллиарддан кўпроқ! Шунга қарамасдан, Фаик профессионал футболдаги фаолиятини давом эттирмоқда. 24 ёшли вингер Таиланднинг «Чонбури» клуби шарафини ҳимоя қилади. Ўсмирлик пайтида у ҳам Англияда, «Арсенал», «Челси» ва «Саутгемптон» акдемияларида сабоқ олган бўлсада, «Лестер»нинг 23 ёшгача бўлган жамоасида нарига ўта олмади. Шундан кейин ўзига мос савиядаги чемпионатга йўл олишга қарор қилди. Ихтиёридаги улкан бойлик унга шартноманинг молиявий жиҳатлари хусусида бош қотирмаслик имконини беради.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 21:05, 19.05.2023.
Ўқилди: 1965 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.