"Барселона" вице-президенти Рафа Юсте "ПСЖ" ҳужумчиси Лионель Мессининг Каталония клубига қайтишига умид билдирди.
"Мен Мессининг қайтишини хоҳлайман. "Барселона" мухлиси сифатида мен ундан клубга берган ҳамма нарсаси учун миннатдорман, чунки у академия тарбияланувчиси ва жамоага доимо тўғри муносабатда бўлган. Яхши ҳикоялар яхши якунланиши керак. Месси қайтса ҳаммамиз хурсанд бўламиз. Албатта, ҳаммаси унинг қарорига боғлиқ, лекин биз уни кейинги мавсумда кўрсак хурсанд бўламиз", - дея Юсте сўзларини келтиради Mundo Deportivo.
Месси "Барселона" тарбияланувчиси, у 2000 йилда клуб академиясига кўчиб ўтган ва 2004 йилда асосий жамоада дебют қилган. "Кўк-анорранглилар" билан биргаликда аргентиналик ҳужумчи 35 та чемпионликни қўлга киритган.
2021 йилнинг ёзида Месси “Барселона”ни текинга тарк этди ва “ПСЖ”га ўтди. 35 ёшли аргентиналикнинг парижликлар клуби билан шартномаси 2023 йилнинг июнь ойи охиригача амал қилади.